Биринчи ҳолатда, ДХХ, ИИБ ва Божхона органлари томонидан ўтказилган чора-тадбирда Марғилон шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган фуқаронинг «Матиз» автомашинаси текширилиб, салондан 866 грамм гашиш моддаси топилди. Гумонланувчи ундан фойда қилишни мақсад қилгани маълум бўлди. Унга нисбатан ЖКнинг 25 орқали 273-моддаси 5-қисми билан иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов олиб борилмоқда.
Иккинчи ҳолатда эса, ДХХ, ИИБ ва Божхона органлари ходимлари томонидан Фарғона шаҳрида ўтказилган тадбирда Фарғона ва Андижонлик икки нафар шахс маблағ эвазига кучли таъсир қилувчи препаратларни сотиш пайтида қўлга олинди. Улар Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб кирилган 4508 дона «Регапен» дорисини 12 800 АҚШ долларига харидорга топширмоқчи бўлган.
Уларга нисбатан ЖКнинг 28 орқали 246-моддаси 1-қисми ва 251¹-моддаси 5-қисми билан иш қўзғатилиб, қамоққа олиш чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, гиёҳвандлик воситалари айланмаси жамият учун жиддий хавф туғдиради. Мутасаддилар ушбу иллатга қарши курашиш барча учун бурч эканини эслатмоқда.