Янги шаҳар фарғоналикилар ҳаёт тарзига ўзига хос янгилик ва имконятлар олиб кириши билан эътиборни тортади. Умумий майдони 300 гектар бўлган шаҳарда 40 минг нафар аҳоли учун турар-жой ва бошқа хизмат кўрсатиш масканлари қад ростлайди.
— Бугун Фарғона вилояти ҳаётида тарихий кун, — дейди вилоят ҳокими. — Катта мақсадлар ва юксак марраларни кўзлаган ҳолда кўп қаватли уйлар қурилишига киришилмоқда. Биринчи босқичда 80 та кўп қаватли уйларни бунёд этишни режалаштиряпмиз. Икки йилда экошаҳар қурилишини якунламоқчимиз. Бу ердаги ҳар бир ишнинг ўз эгаси бор. Тасаввур қилинг икки йилда мана шу 300 гектарлик дашт майдон ўрнида кўп қаватли уй-жойлар, “Янги Ўзбекистон” боғи, мактаб, поликлиника, қўйингки, барча инфратузилмага эга шаҳарча пайдо бўлади. Қолаверса, лойиҳа оддий эмас. Президентимизнинг топшириғи асосида Жанубий Корея тажрибаси асосида бу шаҳарчанинг лойиҳасини ишлаб чиқдик. 7, 9, 12, 25-қаватли уйларнинг нархини аҳолига мақбул келадиган қилиб белгиляпмиз. Шунингдек, бу ерда барча инфратузилма яратилади.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, яхши ниятлар билан дуо-фотиҳалар қилинди. Шундан сўнг қурилиш ишларига старт берилди.
Расулжон Камолов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири