Ҳолат Фарғона вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан Фарғона шаҳридаги «Мурувват» МФЙ, Фарғона кўчаси 78-уйда ўтказилган мониторинг давомида маълум бўлди.

Аниқланишича, 78-уйдаги 17-хонадон мулкдори кўп квартирали уйнинг ертўла қисмида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 648-сон қарори талабларига зид равишда сунъий ҳовуз ўрнатган. Унда турли балиқлар, жумладан, акула ҳам боқилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159¹-моддаси бўйича маъмурий жарима қўлланилди.

Шунингдек, мулкдорга ертўлани 15 кун муддатда бўшатиб, уни аввалги ҳолатига келтириш бўйича ёзма кўрсатма берилди.

Бундан ташқари, ичимлик сувидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ҳолати юзасидан ҳам тегишли баённома расмийлаштирилди.