Охирги йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тақдирига, кейинчалик уларнинг жамият ҳаётига мослашиб кетишига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг қабул қилган "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари" тўғрисидаги 09.08.2021 йилдаги ПҚ-5215-сонли қарори айни муддао бўлди. Ушбу қарор чиққан кунидан бошлаб унинг ижросини таъминлашга киришиб кетилди. Болаларни жамиятдан узилиб қолишини олдини олиб, оилага яқин муҳитда тарбиялаб вояга етказиш мақсадида Президент қарорига кўра, жойларда оилавий болалар уйлари очилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятида охирги 3 ой ичида бу каби хайрли ишлар изчиллик билан амалга оширилиб оилавий болалар уйи сони кўпайди.

Қалби дарё Фарғоналик яна бир оила Қўқон шаҳридаги 12-меҳрибонлик уйидан 8 нафар болани ўзининг қарамоғига олди. Гап шундаки ушбу оила бекаси Мансурова Робияхон педагог. Айни дамда 12-меҳрибонлик уйида тарбиячи лавозимида ишлаб келади. Тарбиясига олган фарзандлари 4 нафар қиз ва 4 нафар ўғил болани ташкил этади. Болаларнинг отаси Қ.Фармонов хусусий корхонада ишлайди. Тарбиячи у ердаги болаларни ўз боласидай кўриб қолгани, ҳаёти мазмунига айлангани сабаб меҳр берган болаларини фарзандликка олишга қарор қилиб Фарғона вилоят Миллий гвардияси бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Акбаровга мурожаат қилади. Миллий гвардия ва Халқ таълими ходимлари ёрдами билан расмийлаштириш ишлари осон кечади.

Масъуллар талабгорнинг оилавий ҳаётини ўрганганда унинг уйи «Оилавий болалар уйи очишга тўла мос келишини аниқлайди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 31 июлдаги 158-сонли Қарор билан тасдиқланган «Оилавий болалар уйи тўғрисидаги низомнинг 8-бандига асосан Қўқон шаҳар Қаймоқли гўзар 14-сонли МФЙ.да «Қалб кўзгуси номли оилавий болалар уйи очишади. Ушбу хонадон билан Фарғонадаги Оилавий болалар уйи сони 6 тага етди.

Куни кеча ушбу мўъжазгина уйнинг очилиши бўлиб ўтди. Унда вилоят Миллий гвардияси бошқармаси бошлиғи Ш.Ў.Акбаров, сектор раҳбарлари ва бошқа масъуллар қатнашдилар. Таъкидлаш жоизки ушбу оила Миллий гвардия бошқармаси томонидан дарс қилиши учун стол-стуллар ҳамда, ётоқхона мебеллари билан таъминлади. Бугун болажонлар тўрт девор орасида эмас балки, чинакам оила даврасида яшамоқдалар. Уларнинг энди ота-оналари бор. Улар ҳам ҳамма қатори дада, ойи, сўзини қўрқмай айта олишади. Умид қиламизки ҳамма каби жамиятга қўшилиб ҳаётнинг лаззати меҳрда эканлигини ҳис қилишади.

Эслатиш жоизки мавжуд қонунчиликка кўра Оилавий болалар уйи очган хонадонлар барча турдаги коммунал тўловлардан озод этилади, давлат томонидан ҳар бир бола учун моддий ёрдам пули тўлаб берилади. Болаларнинг олий таълимга ўқишга кириш ва давлат томонидан уй-жой олиш имтиёзлари сақлаб қолинади.

Шермуҳаммад Деҳқонов,

Ҳуқуқшунос блогер