Умарали Умаров ва Зилола Суярқулова Қўқон шаҳридаги Меҳрибонлик уйида камол топишди. Улар бу ерда яхши таълим-тарбия олиб, ҳар нафасларида Юртбошимиз томонидан Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари доимо эътибор ва ғамхўрлик оғушида эканликларини ҳис этиб яшадилар. Бугун бу икки навқирон авлод Ватанимиз ривожи йўлида ўз ҳиссасини қўшадиган ватанпарварлардир.

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти ташаббуси ва вилоят ҳамда Қўқон шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳомийлигида бу икки ёшнинг Никоҳ тўйлари ўтказилди.

Тадбирда сўз олганлар уларга бахт-саодат, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиладилар.

– Давлатимиз раҳбари Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш зарурлигини куни-кеча ўтказилган йиғилишда таъкидладилар. Албатта, бу борадаги ишларга биз, депутатлар ҳам бевосита масъулмиз, – дейди Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти мудири Нафисахон Элчиева.

Депутатлар томонидан ёш оила вакилларига рўзғор учун зарур воситалар совға қилинди.

Шоҳсултон Тўхтаматов, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти матбуот котиби.