Сессия ишида Олий Мажлис Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда кун тартибига киритилган масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Сессияни вилоят ҳокими, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши раиси Хайрулло Бозоров очди ва олиб борди.
Кун тартибига кўра, дастлаб секторлар томонидан 2020 йилда олиб борилган ишлар таҳлил қилиниб, 2021 йил учун тайёрланган “Йўл хариталар”да белгиланган тадбирлар йиғилиш қатнашчиларига таништирилди.
Вилоятда “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар билан манзилли ишлаш мақсадида биринчи ўринда шаҳарлар ва туманлардаги 76 та секторларда (ҳар бир секторга 7 киши) иқтисодий комплекс ходимларидан иборат (иқтисодиёт, молия, солиқ, бандлик, банк, прокуратура, ИИБ) ишчи гуруҳлар тузилиб, уларга 532 нафар ходимлар бириктирилди. Асосий эътибор эҳтиёжманд оилаларни даромад келтирадиган йўналишларда банд қилиш орқали “темир дафтар”дан чиқаришга қаратилмоқда.

Белгилаб берилган йўналишларда ишларни ташкил этилиши ҳисобига бугунги кунга қадар “темир дафтар”га киритилган 43 минг 314 та оилаларда истиқомат қилувчи 27,8 минг нафар (64%) эҳтиёжманд оилалар аъзоларини бандлиги таъминлангани қайд этилди.
Депутатлар ўзлари сайланган ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ўртага ташладилар. 5-Бобур сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Э.Сиддиқова сайлов округи жойлашган ҳудуддаги Ёрмазор МФЙ мавжуд электр тармоқларини реконструкция қилиш ҳамда Ёрмазор МФЙ Фарғона шаҳарнинг чекка ҳудудида жойлашганлиги сабабли аҳоли эхтиёжларидан келиб чиқиб, савдо комплекси учун ер майдони ажратиш ҳамда тадбиркорларни жалб этиш каби масалаларни айтиб ўтди.
Шунингдек, 3-Ойбек сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати Ф.Мамадалиева Фарғона шаҳар Афросиёб МФЙ ҳудудидаги “Мохларойим кўчасига тортилган ичимлик суви тармоғини ишга тушириш учун сув насоси билан таъминлаш, 37-О.Мамадиев сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Х.Комилов вилоятнинг чегара ҳудудида жойлашган Бўрбонлиқ шаҳарчаси аҳоли томорқалари ҳамда фермер ҳўжаликларини суғориш мақсадида насос станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш масалаларини сессия ишида кўтардилар.

Ушбу масалалар бўйича масъулларга тез фурсатларда ижобий ҳал этилиши ва бу бўйича Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашига ахборот киритиш топшириғи берилди.
Шундан сўнг вилоят маҳаллий бюджетининг 2020 йилги ижроси ва 2021 йил бошига шаклланган қўшимча манбалардан мақсадли фойдаланиш ҳақида вилоят Молия бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғанижон Солиевнинг ахбороти тингланди.
- Жойлардаги масалаларни ечиш учун катта-катта маблағлар ажратиляпти. Мана шу маблағларни мақсадли сарфланишини депутатлар соҳалар бўйича назорат қилиши керак, - деди вилоят ҳокими, Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши раиси Хайрулло Бозоров.
Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунига асосан секторлар фаолияти юзасидан депутатлик назоратини ўрнатилиши сессияда алоҳида эътироф этилди.
Бунда, сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар (тадбирлар)ни мониторинг қилган ҳолда ўрганиб бориш натижаларини маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари йиғилишлари ҳамда Кенгаш сессияларида муҳокама этиб бориш;
- сектор раҳбарларининг фаолиятлари юзасидан маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари йиғилишлари ҳамда Кенгаш сессияларида ахборотларини тинглаб бориш тавсия этилди

Шунингдек, сессия ишида вилоятда судлар раислари томонидан фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилга белгиланган чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда кўрилган ҳар бир масала юзасидан иштирокчилар томонидан таклифлар билдирилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шоҳсултон Тўхтаматов,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти матбуот котиби.