БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 19 декабрдаги резолюциясига асосан, 11 октябрь — «Халқаро қизлар куни» деб эълон қилинган. Бу сана ҳар йили жаҳон бўйлаб турли давлатларда қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида нишонланиб келинмоқда.
БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг турли тузилмаларига ушбу кунни кенг миқёсда нишонлаш, шунингдек, бутун дунёда қизларнинг ҳаёт тарзи, яшаш шароитлари, ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш тавсия этилади.
«Айни жиҳатлардан келиб чиқиб, Фарғонада 11 октябрдан «Қизлар ҳафталиги» бошланди. Ҳафталик доирасида жойларда турли тадбирлар ўтказилади», — деди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева.
Тадбирда бир гуруҳ фаол, ташаббускор қизлар тақдирланди. «Ёшлар дафтари»га киритилган қизларга тикув машиналари берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларнинг шартнома тўловлари учун сертификатлар топширилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Якунда вилоятимизда фаолият олиб бораётган таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Куй-қўшиқлар ўйин-кулгилар билан давом этди.