Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан илк бор ўрта бўғин раҳбарлари, яъни туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари учун ўқув машғулотлари йўлга қўйилди. Фарғона давлат университетида бўлиб ўтаётган машғулотларда туман, шаҳар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этмоқда.

Ўқув-машғулотлари тренерлар томонидан соҳа бўйича янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларни “маҳаллабай” татбиқ этиш, илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш ҳамда жойига чиқиб мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан стратегик вазифалар йўналишида олиб борилади.

– Олти кун давомида “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш бўйича зарур кўникмаларни ўзлаштирамиз, – дейди Тошлоқ тумани ҳокими ўринбосари  Авазбек Деҳқонов. – Касбий мулоқотни шакллантириш билан биргаликда соҳамиздаги муаммолар ечимига эътибор қаратилаётгани қизиқиш уйғотди. Масалан, ҳар бир маҳаллада ички йўллар, электр энергияси, ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ ечимини кутаётган масалалар бор. Машғулотларда буни ҳал этиш борасида илғор тажрибалар ўртоқлашилмоқда, шу билан бирга ҳудудларни ривожлантириш тақдимотлари ҳам ўтказилади.