Жорий йилдан эътиборан Фарғона вилояти бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилаётгани, Риштон туманидаги Noriko-Gakkyu тил мактабида 1998 йилдан то бугунги кунга қадар 3000 нафарга яқин ёшларга япон тили ўргатилиб, уларнинг кўпчилиги Япониядаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилингани, кунчиқар юртда меҳнат фаолияти олиб бораётгани қайд этилди. Касбий дуал таълим бўйича Япония билан ҳамкорликда вилоятимизда иккита таълим маркази фаолият олиб бораётгани маълум қилинди.
10 кун давомида вилоятимиздаги қатор мактабларда япон тили ва маданияти бўйича очиқ дарслар ташкил этишни режалаштираётганликларини қайд этган Маюко Оно, япон тилини ўрганиш ва олий таълимни Японияда давом эттириш бўйича мавжуд имкониятларни ёшларга таништириш ташрифдан кўзланган мақсад эканини билдирди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев вилоятда Nippon тил ўргатиш академиясининг доимий офисини ҳамда япон тили ўргатиш марказини ташкил этиш таклифини ўртага ташлаб, бу Фарғона ва Япония ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларни янада кенгайтиришга, вилоятимизга кириб келаётган япон бизнеси учун тил билувчи мутахассислар сонини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.