Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, шаҳар секторлари раҳбарлари, сенаторлар, вилоят соғлиқни сақлаш тизими масъуллари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Дастлаб кекса нуронийлар, имом-хатиблар иштирокида эзгу ниятлар қилиниб, дуога қўл очилди.

Тадбирда сўз олганлар ушбу тиббиёт масканида туғилажак фарзандлар келажакда юртимизга, халқимизга, ватанимизга хизмат қиладиган, соғлом, баркамол, ватанпарвар йигит ва қизлар бўлишсин деб тилак билдирдилар.

«Она ва бола соғлиғига эътибор – жамиятга, келажакка эътибор» тамойили асосида мамлакатимизда сўнгги 4-5 йилда тиббий хизмат сифатини ошириш йўлида катта ишлар амалга ошириляпти. Янги объект қурилишига бюджетдан 20 миллиард сўм маблағ ажратиб берилган. Бу, шубҳасиз, репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Қисқа муддатда туғруқ бўлимининг 1958 йилда қурилган 80 ўринли эски биноси бузиб ташланиб, барча имкониятларга эга бўлган янги туғруқхона фойдаланишга топшириляпти, - деди мажмуанинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими.

Фарғона вилоятига биринчи босқичда келтирилган, Жиззах автомобиль заводида ишлаб чиқарилган 10 та А тоифали «Volkswagen Caddy» тез тиббий ёрдам автомашиналари шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига топширилди.

Шундан сўнг вилоят фаоллари иштирокида рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар шаҳардаги 80 минг нафар туғруқ ёшидаги аёллар учун хизмат кўрсатадиган туғруқ комплексида яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.