Вилоятда 2022-2023 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 31 триллион сўм бўлган 1 минг 268 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда кимё, қурилиш материаллари, тўқимачилик, электротехника, чарм, фармацевтика тармоқлари “драйвер” бўлади.

Президентимиз жорий йил 13 май куни вилоят фаоллари билан учрашувда ҳудуд маҳсулотларининг дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб бораётганига, инвестициявий салоҳияти ортаётганига доир ана шундай рақамларни келтирар экан, буларнинг ҳаммаси ақл, билим, шижоат маҳсули эканлигини, танлаб олинган бу йўлни давом эттириш кераклигини алоҳида эътироф этди.

Танлаб олинган мазкур йўл, ўз навбатида, Фарғона вилоятига 2017 йилга нисбатан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар салмоғини 16,5 баробарга ошириб, жорий йилда 1 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Айни таҳлилда бунинг асосий омиллари ва истиқбол имкониятлари хусусида сўз боради.

БАРҚАРОР ЎСИШ ДАРАЖАСИГА АСОС БЎЛАЁТГАН ИШЛАР

Яқинда дунёнинг энг нуфузли мустақил компаниялардан бири —   Standard & Poor's халқаро рейтинг агентлиги (S&P Global Ratings) томонидан Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтинги B+ даражасида “Барқарор” деб баҳоланди.  B+ рейтинг кўрсаткичи дунёда иқтисодий ҳолати барқарор ва молиявий жиҳатдан қарздорлиги бўлмаган ҳамда соғлом инвестицион муҳитга эга бўлган ҳудудларга берилиб, ўша ҳудуднинг халқаро доирадаги ҳолати ижобий поғонада эканлигини билдиради.

S&P Global Ratings ҳисоботида вилоят бюджетининг юқори кўрсаткичлари ҳамда тижорий қарздорликнинг мавжуд эмаслиги алоҳида эътироф этилиб, келгуси уч йил давомида вилоят бюджети ошириб бажарилиши башорат қилинган. Қолаверса, агентлик экспертлари фикрига кўра, қарздорлик даражаси деярли нолга тенг экани натижасида вилоятнинг ликвидлик кўрсаткичлари юқори бўлишда давом этади.

—Ана шундай хулосага вилоятимизнинг 2019 йилдан бошлаб молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, 2024 йилгача бўлган молиявий-иқтисодий ҳолати прогнози бўйича таҳлиллари, агентлик томонидан келгуси 12 ой ичида ҳукуматнинг трансферлари ҳисобига кучли бюджет кўрсаткичларини сақлаб қолиши ва ўрта муддатли истиқболда қарзга мутлақ эга бўлмаслигига ишончи  асос бўлди, — дейди Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев. —  Вилоятимизда 2017-2021 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 228,1 фоизга ўсиб, 2021 йил якуни билан 47,3 триллион сўмни ташкил этди. 2022 йилда бу кўрсаткич 53,7 триллион сўмга тенг бўлиши кутилмоқда.

Соҳалар бўйича таҳлил қилганда, 2017 йилда 9,7 триллион сўм бўлган саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилга келиб 27,8 триллион сўмга етган, 2022 йилда 32,9 триллион сўмдан зиёд бўлиши кутилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 5 йил давомида 2,2 баробар ўсиш қайд этиб, 12,7 триллион сўмдан 28,1 триллион сўмга ортди, жорий йилда эса тармоқ маҳсулотлари ҳажмини 31,9 триллион сўмга етказиш режалаштирилган.

Ижобий халқаро рейтинг кўрсаткичига эришишда вилоятда фаол ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар ҳажми ва жадал ташқи савдо динамикаси ижобий таъсир кўрсатди. Вилоятга жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми йилдан йилга ошиб бормоқда. Ўтган 2021 йилда 2017 йилга нисбатан 16,5 баробардан кўп хорижий инвестиция кириб келишига эришилди. Жорий йилнинг январь–май ойларида ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми эса 411 миллион долларни ташкил этди, ўсиш кўрсаткичи 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 баробарга ортди. 2022 йил якуни бўйича 1 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш режалаштирилмоқда.

Тўғридан-тўғри инвеситиция киритган корхоналар сони энг юқори бўлган давлатлар орасида Хитой етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Россия, Туркия Корея Республикаси, Қирғизистондан тортиб Япониягача бўлган кўп сонли компаниялари бўлган мамлакатлар эгаллаган. 

ҲАМКОРЛИК КЎЛАМЛАРИ ЯНАДА КЕНГАЯДИ

Ўзбек-турк халқларининг азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамланиши баробарида ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик ҳам кундан кунга кенгайиб бормоқда. Бунда икки мамлакат раҳбарларининг дўстона муносабатлари  барча соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг жадаллашишига хизмат қилаётгани билан катта аҳамият касб этяпти.

Ўзбекистонда яратилган қулай инвестиция ва ишбилармонлик, хорижлик сармоядорлар учун яратиб берилган имтиёз ва имкониятлар туфайли Туркия бизнеси вакилларининг ҳам юртимиздаги фаолияти ривожланяпти,  янги лойиҳа ва  ташаббуслар устида иш олиб боришмоқда. Айни кунда туркиялик сармоядорлар иштирокида 63 та корхона фаолият кўрсатиб келмоқда.

2021 йилнинг ўзида фарғоналик тадбиркорлик  субъектларининг Туркия республика билан ташқи садво  айланмаси  113,4 миллион АҚШ доллалар, экспорт  ҳажми 70,8 миллион, импорт миқдори 42,5 миллион долларни ташкил этди. Бу рақамлар аввалги йилларга таққосланганда уч-тўрт ҳиссага кўп. 2022-2026 йилларга мўлжалланган нвестиция дастури доирасида Туркия билан ҳамкорликда  умумий қиймати 33,3 миллион доллар бўлган янги лойиҳалар амалга оширилади.

Хусусан, Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчасидаги “Albus cement group” ўзбек-турк қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатдошлиги ва юқори сифати билан ажралиб туради. Корхона қисқа давр мобайнида улар турларини кўпайтириш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратди. Айни вақтда бу ерда цемент, қуруқ қурилиш қоришмалари, гипс каби қирқ турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Корхонада тўрт юздан ортиқ киши меҳнат қилади. Айни кунларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш кластерини ташкил этилмоқда. Қурилиш гипсининг янги тури, рангли ПВХ гипсокартон, қурилиш оҳак, керамзит, базальт хом ашёсидан теплоизоляциялар, бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаётган бўлиб, қиймати 58,9 миллион долларидан ортади.

 Вилоятда қардошлар тажрибаси асосида кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. “BTC Yapi A.S” компанияcи  ана шундай янги лойиҳа  ташаббускори. 1996 йилда ташкил топган компания турли давлатларда касалхона, меҳмонхона, савдо марказлари, турар-жой бинолари, аэропортлар қуриш каби йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келади.

—   Туркия тажрибаси асосида 16-18 қаватли уйлар қуриш лойиҳасида иштирок этишни кўзлаб турибмиз, — дейди компанияcи таъсисчиси ва бош директори Жахит Ўзтурк. —  Биз қурган бинолар узоқ вақт аҳолига хизмат кўрсатиши, шаҳар меъморий қиёфасига ўзгига хос кўрк, салобат бағилаб туриши билан ажралиб туради. Мамлакатингизда хорижлик сармоядорлар учун яратиб берилган қулай  инвецион муҳим ва шароитлар ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш имкониятини бермоқда. Бу ерда фақат уй-жойлар қуриш билан чекланиб қолмаймиз. Энг замонавий тиббиёт масканлари қуриш тажрибасига ҳам эгамиз. Шунингдек, цемент-бетон заводи фаолиятини ҳам йўлга қўямиз. Мазкур йўналишларда фарғоналиклар  билан ҳамкорлик қилмоқчимиз.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона  делегацияси Туркияда бўлиб, унинг доирасида умумий қиймати 142 миллион доллардан зиёд бўлган 12 та инвестицион келишув ҳамда экспорт шартномаси имзоланди. Жумладан, Фарғона шаҳрида тиббиёт шаҳарчаси қуриш ва ташкил этиш бўйича “Hitit Sosyal Tesisler Sağlık İnşaat Ticaret Limited Şirketi” компанияси билан 36 миллион долларлик, Фурқат туманида пахтадан тайёр тикувчилик маҳсулотини ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олувчи комплексни барпо этиш бўйича “BENEKS” компанияcи билан 35 миллион долларлик инвестицион келишувлар амалга оширилди.

ХОМАШЁДАН ТАЙЁР МАҲСУЛОТГАЧА

Бешариқ туманида Хитойлик сармоядорлар билан бирга ташкил этилган “Фарғона Ясин Қурилиш Моллари” МЧЖ қўшма корхонасининг ишга туширилиши қурлиш тармоқлари учун муҳим бўлган цемент ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш билан бирга, соҳада рақобат майдонини шакллантириш имкониятини беради. Бу ерда лойиҳа қиймати 200 млн. доллар бўлган инвестиция ўзлаштирилди. Натижада корхонада жахон андозларига мос бўлган 400 ва 500 макали цемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Корхонада 300 дан зиёд маҳаллий ёшлар иш билан банд. Кунлик ишлаб чиқариш хажми 2,5 минг тоннани ташкил қилмоқда. Яқин истиқболда корхона қуввати кунига 3,5 минг тоннага ошириш ва йиллиик  ишлаб чиқариш ҳажмини 2 миллион тоннага етказиш, маҳсулотнинг 30 фоизнии экспорт чиқариш режалаштилмоқда.

“GNT Сare” МЧЖ қўшма корхонаси Бағдод туманида тиббий ҳимоя воситалари ва жиҳозлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Кореялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 2,5 миллион АҚШ долларилик (шундан 1,5 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция) ишлаб чиқариш линияси жорий йил охирида тўлиқ ишга туширилади.

Мамлакатимизда фармацевтика соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшишга йўналтирилган корхонада камёб воситалар — қондаги қанд миқдорини тезкор аниқлаш ускунаси (глюкометр), пульсометр, фонендоскоп, бир марталик тезкор тест жиҳозлари ва бошқа турли тиббий-гигиеник ҳимоя воситалари ишлаб чиқарилади. Бу ерда қўшимча ишлаб чиқариш йўналишларига ҳам эътибор қаратилган бўлиб, сутни ва қоғоз чиқиндиларини қайта ишлаш цехлари ишга туширилди.

— Цехимиз асосан қаймоғи олинмаган сутни қайта ишлашга мослашган. Музқаймоқ, қатиқ, кефир, айрон, творог каби 12 хил сут маҳсулот тайёрлаяпмиз. Ҳозирча ҳар куни 300-350 литр сут қайта ишланяпти. Аслида ускуналаримиз 8 тонналик қувватга эга, —  дейди иш бошқарувчи Маъруфжон Хўжаев. — Маҳсулотларни ташқи бозорга экспорт қилишни ҳам  мақсад қилганмиз.

Истиқболдаги режалар дастурига кўра, тўқимачилик маҳсулотлари, калава ип, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам бор. Бунинг учун замонавий учкуналар ўрнатилаётган бино қуриб битказилган. “Ҳозирча бозорни ўрганиш ишлари кетяпти”, дейишди мутасаддилар. Бугунги кунда 60 дан ортиқ йигит-қиз меҳнат қилаётган корхона тўлиқ қуввват билан ишга тушса, 500 га яқин  доимий иш ўринлари яратилади.

“Ferghana spinning” МЧЖ Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси газлама-мато ишлаб чиқаришни бўйича 10,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Бугунгача бино-иншоотларни реконструкция қилиш, жиҳоз ва ускуналарни ўрнатиш ишлари амалга оширилиб, газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

— Мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хомашёси юқори сифати, пишиқлиги ҳамда замонавий тўқимачилик саноати талабларига тўла жавоб бериши билан жаҳон бозорида машҳур, — дейди корхона раҳбари Илёс Ураимов. — Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалар пахтани қайта ишлаш, тайёр маҳсулот сифатида экспортга йўналтиришдир. Бунинг замирида жуда катта маъно, давлатимиз иқтисодиётининг янада ривожланиши мужассам. Биз ҳам газлама-мато ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйдик. Келгусида тайёр кийимлар ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз.

Ўрнатилган энг сўнги русмдаги ускуналар бир маромда ишлаяпти. Корхона тўлиқ ишга тушса, 600 та доимий ишчи ўрни яратилади.

ИСТИҚБОЛ ИМКОНИЯТЛАРИ

Яқинда Япониянинг “Mikado develop and investment” компанияси томонидан вилоят ҳокимлигида Фарғонада қад ростлаётган Экошаҳар ҳудудида меҳмонхона-резиденция ва савдо-туризм мажмуаси барпо этиш лойиҳаси тақдим этилди. Унга кўра, мажмуа 4 қаватли япон саройлари меъморчилигини ўзида мужассамлаштирган люкс меҳмонхона, 60 блокдан иборат ҳар бирининг майдони 50 метр квадрат бўлган савдо дўконлари ҳамда уларнинг уст қаватида энг замонавий хизмат кўрсатиш жойларидан иборат бўлади.

Ҳиндистоннинг “Indo Capital Lights” компанияси Бағдод туманида қуёш панеллари ҳамда энергия тежамкор лампалар ишлаб чиқариш билан бир қаторда картон қадоқ қутилар тайёрлаш корхонасини, Фарғона шаҳрида йирик савдо мажмуасини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилган.

Хитойнинг “Fht Future Technology” компаниясининг инвестиявий режалари янада кенг. Лойиҳага кўра, компания вилоятда 25 гектар майдонда инновацион технопарк ҳамда 350 миллион доллар инвестиция ҳисобига 500 гектар майдонда қуёш фотоэлектр станцияси барпо этишни режалаштирмоқда. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергияси технопаркда жойлаштириладиган хорижий корхоналарни таъминлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон туманидаги “Фарғона Вест интернейшил цемент” қўшма корхонаси МЖЧ томонидан амалга оширилаётган цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси 2022 йилнинг энг йирик хорижий инвестициялари сирасига киради. Лойиҳа доирасида 215 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб 800 та янги иш ўрни очилади.

Яратилаётган қулай инвестицон муҳит натижасида Фарғона вилоятида хорижий капитал иштирокида фаолият кўрсатаётган корхоналар сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар  2017 йилда 184 тани, 2018 йилда 253 тани, 2019 йилда 388 тани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб 444 тага, 2021 йилда 535 тага, 2022 йилнинг айни кун ҳолатига эса 552 тага етди.

Хулоса ўрнида Standard & Poor's халқаро рейтинг агентлигининг яна бир эътирофини келтирмоқчимиз. Унда статистик кўрсаткичларда вилоятнинг иқтисодий салоҳияти йилдан- йилга сезиларли миқдорда кўтарилган ва бунинг исботини вилоятнинг турли соҳаларда қайд этаётган натижаларида кузатиш мумкин. Келгусида, яъни 12 ойдан сўнг, Фарғона вилоятида фаолият юритаётган институционал тизимнинг яхшиланиши ёки ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти даражаси кўрсаткичлари кўтарилиши шундай суръатда давом этса, рейтинг яна бир даражага юқорилаши қайд этилади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари