Ушбу видеоматериаллар Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли медиалойиҳанинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Шарқ Уйғониши даврининг буюк мутафаккирлари қолдирган илмий ва маънавий мерос халқаро аудиторияга замонавий, таъсирчан визуал форматда тақдим этилмоқда. Видеороликлар ислом цивилизацияси бағрида шаклланган илм-фан, тафаккур ва маънавият анъаналари билан жаҳон жамоатчилигини таништиришга қаратилган.
Лойиҳада сэр Бен Кингсли иштирок этмоқда. У Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек Мирзо, Алишер Навоий ва Амир Темур каби буюк шахсларнинг ҳаёти, илмий мероси ҳамда жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади.
«Маърифат акс-садоси» лойиҳаси доирасида тарих, маданият ва илм-фан ривожига салмоқли таъсир кўрсатган машҳур олим ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ўндан ортиқ қисқаметражли ҳужжатли фильмлар яратиш режалаштирилган. Ушбу фильмлар халқаро аудиторияга мўлжалланган бўлиб, дунёнинг етакчи медиаплатформаларида намойиш этилади.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари доирасида амалга оширилмоқда ҳамда мамлакатнинг бой илмий ва маънавий меросини кенг тарғиб этиш, халқаро маданий мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистонни қадимги цивилизациялар бешиги ва жаҳон илм-фан ҳамда маърифат марказларидан бири сифатида намоён этишга қаратилган.