Коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик вазият ҳануз дунё миқёсида беқарор бўлиб турибди. Пандемия барча соҳалар қатори дунё фармацевтика саноати учун ҳам синов даври бўлди. Мураккаб эпидемиологик вазият фармацевтика саноатини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга эканини яна бир бор исботлади.
Аҳолининг юқори самарали дори-дармонга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш фармацевтика саноатининг қай даражада ривожлангани билан боғлиқ. Юртимизда бу соҳада ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда фармацевтика соҳасига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида тизимдаги корхоналар сони кескин ошди. Ўтган йиллар давомида бир нечта меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бунинг самараси ўлароқ, пандемия даврида халқимизни сифатли ва арзон дори-дармон билан таъминлаш имконияти яратилгани, юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармон ички эҳтиёжни қондириш баробарида 20 га яқин давлатга экспорт қилинганини таъкидлаш мумкин. Аммо зиммамиздаги вазифалар кўлами кенг. Мамлакатимиз аҳолиси кўпайиб, арзон ва замонавий дориларга талаб йилдан-йилга ортмоқда. Соҳада янги имтиёз ва имкониятлар яратилиши эса дори-дармонларни сифатли ишлаб чиқаришда муҳим омил саналади. Давлатимиз раҳбарининг “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги фармони соҳани жадал ривожлантиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.
Фармонда соҳага оид имтиёзлар, халқаро стандартларни жорий қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновациял арни жорий этиш орқали тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори-дармонни жаҳон бозорига олиб чиқиш, 2025 йил 1 январга қадар фармацевтика маҳсулотларини барча мамлакатларга, жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) 5 фоизидан (автомобиль транспортида ташиш ҳолатида) ва 7 фоизидан (темир йўл транспортида ташиш ҳолатида) кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этиш, экспортни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қамраб олинган.
Фармоннинг асосий бандларидан бирида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини уч йил муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилиши келтирилган. Бу инвесторга нима беради?
Фармацевтика саноатида технологик жиҳатдан ишлаб чиқариш қийин бўлган дорилар мавжуд. Уларни ишлаб чиқариш нафақат қийин, балки унга тикиладиган инвестиция миқдори ҳам катта ҳисобланади. Ўз навбатида, бу турдаги дорилар асосан давлат томонидан харид қилинадиган препаратлар ҳисобланади. Мисол учун, пандемия даврида мамлакатимизда вакцина харид қилиниб, аҳолига бепул етказиб берилмоқда. Демак, давлат тадбиркорнинг харидори ҳисобланади. Тадбиркор шу турдаги маҳсулотини ишлаб чиқараётган пайтда давлат томонидан берилган кафиллик инвестициянинг мақсадга мувофиқ амалга оширилишига ёрдам беради. Агар тадбиркор кредит олиб, маълум бир сабабга кўра, маҳсулотини сота олмай қолса, банкротликка сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, мамлакатимизда йиллар давомида онкологияга қарши ёки вакцина туридаги замонавий дориларни ишлаб чиқариш яхши йўлга қўйилмаган. Мана энди шундай шароит яратиляптики, агарда инвестор қўйилган талаблар асосида маҳсулотни сифатли, арзон, ўз вақтида етказиб бериш бўйича буюртма олган бўлса, давлат ўз навбатида, шу тадбиркордан маҳсулотини 3 йил давомида сотиб олишга кафиллик бермоқда. Бу давлат учун ҳам, тадбиркор учун ҳам манфаатли бўлади.
Соҳада йиллар давомида бир неча чекловлар мавжуд эди. Масалан, юртимизда қон препаратларини ишлаб чиқариш, аҳолидан қон йиғиш, уни қайта ишлаш, сақлаш ҳамда қон плазмасидан турли дорилар тайёрлаш яхши йўлга қўйилмаган эди. Сабаби, бунда давлат монополияси мавжуд бўлган. Яъни давлатдан бошқа ҳеч ким, хусусан, хусусий сектор қонни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда ҳар хил турдаги дориларни ишлаб чиқариш имкониятига эга эмасди. Ваҳоланки, мамлакатимизда қон перепаратларига эҳтиёж ошиб бормоқда. Фармонда ушбу чекловга барҳам берилди. Яъни маҳаллий тадбиркор шу турдаги дориларни ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди.
Соҳада ривожланишга тўсқинлик қилаётган йўналишлардан яна бири, бу — клиник синовларнинг халқаро талабларга жавоб бермаётгани эди. Ўзбекистонда клиник синовларни шу кунга қадар фақат касалларда ўтказиш мумкин эди. Эндиликда соғлом кўнгиллиларда клиник синов ўтказишга рухсат этилди. Умуман, ҳужжатда белгиланган вазифалар ва имтиёзлар республикамиз фармацевтика саноати тараққиётини юқори поғонага олиб чиқиши шубҳасиз.
Шу ўринда мавзуга оид қуйидаги маълумотни таъкидлаб ўтиш ўринли бўлади. Тошкент вилояти Зангиота туманида ҳозирги кунда Марказий Осиёда катта аҳамиятга эга “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий- ишлаб чиқариш фармацевтика кластери барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа икки йил аввал бошланган. Ҳозирги кунда жуда кўп объектларда қурилиш ишлари жадаллашган. Ҳудуд га яна қўшимча равишда ажратилган ерда янги инвестицион лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Бу, ўз навбатида, фармацевтика саноатимизни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради.