Давлатимиз раҳбари фармацевтика инсон саломатлиги, аҳоли ҳаёт сифати ва мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ стратегик соҳа эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда соҳани ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилгани қайд этилди. Жумладан, ўтган тўққиз йилда тармоққа 1 миллиард 800 миллион доллар инвестиция киритилиб, 140 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда 300 дан ортиқ фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда, уларнинг 58 таси тўғридан-тўғри дори воситалари ишлаб чиқаради.
Натижада фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 баробар ўсиб, 7 триллион 300 миллиард сўмдан ошди. Маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқариш эса 2 карра кўпайди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари 55 та давлат бозорига етказилмоқда. Тармоқдаги иш ўринларининг сони эса 40 мингдан ошди.
Умуман олганда, мамлакатимизда дори воситалари ва тиббий буюмлар бозори ҳажми қарийб 2,5 миллиард долларга етган.
Мутасаддилар олдига жорий йилда фармацевтика соҳасига камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, сифатни ошириш ва хорижий фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали ички истеъмолдаги маҳаллий дорилар улушини 2030-йилгача 70 фоизга етказиш ички бозорда маҳаллий дори воситалари улушини 2030 йилгача 70 фоизга етказиш ҳамда келгуси беш йилда экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга олиб чиқиш вазифалари қўйилди.
Республикада 136 гектар майдонда 5 та фармацевтика саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, улар учун барча зарур инфратузилма яратилган. Бироқ айрим ҳудудларда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланилмаётгани қайд этилди.
Жумладан, 25 гектар майдонни эгаллаган Жиззах фармацевтика зонасида ўтган йили бир сўмлик ҳам маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Бўстонлиқ туманидаги 14 гектар ер майдони эса 2017 йилдан бери бўш турибди. Шунингдек, ўтган йили Жиззах ва Самарқанд вилоятларида бирорта ҳам фармацевтика лойиҳаси ишга туширилмагани, Бухоро ва Хоразмда эса инвестиция лойиҳалари жуда камлиги танқид қилинди.
Йиғилишда фармацевтика соҳаси тадбиркорлари томонидан билдирилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, фармацевтика зоналари мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги корхоналарга ҳам мазкур зоналар учун белгиланган солиқ имтиёзларини қўллаш масаласи кўтарилди.
Президентимиз мазкур таклифни қўллаб-қувватлади ва фармацевтика корхоналари учун қатор янги имкониятларни эълон қилди.
Жумладан, жорий йил 1 апрелдан бошлаб фармацевтика воситаларини ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар уч йил муддатга ер солиғидан озод этилади. Лойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиғи ҳам ундирилмайди.
Шунингдек, биологик фаол қўшимчалар ва косметика воситалари ишлаб чиқарувчилар учун хомашё, ускуна ва бутловчи қисмлар импорти божлардан озод қилинади. Фармацевтика корхоналарига ўзининг линиясида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
Эндиликда ҳар йили 1 июлга қадар маҳаллийлаштириш мақсадга мувофиқ бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тадбиркорларга эълон қилиб борилади. Ушбу рўйхатдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар учун тадбиркорларга хорижий валютада 7 фоизли кредитлар ажратилади.
Мавжуд маҳсулотлар бўйича маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришни режалаштирган корхоналарга Саноат кооперацияси жамғармасидан 10 йилгача муддатга хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада эса 12 фоизли кредитлар тақдим этилади.
Йиғилишда хорижий фармацевтика компанияларини мамлакатимизга жалб қилиш, улар билан технологиялар трансферини йўлга қўйиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Импорт қилинаётган дори воситаларининг қарийб ярми 34 та хорижий ишлаб чиқарувчи ҳиссасига тўғри келади. Шу муносабат билан уларнинг ишлаб чиқаришини Ўзбекистонда ташкил этишни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди. Импорт билан шуғулланувчи йирик корхоналарга ҳам ижтимоий масъулиятни кучайтириб, брендли дори воситаларини мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатиш тавсия этилди.
Бу жараённи рағбатлантириш мақсадида корхоналар брендлардан фойдаланиш учун тўлайдиган роялтидан солиқ 20 фоиздан 5 фоизга туширилади.
Оригинал дори воситаси яратилганидан 20-25 йил ўтгач, бошқа фармацевтика корхоналари ҳам уни ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай дори воситаларини ўзлаштириш ички бозорда нархларни бир неча баробар арзонлаштириш имконини беради.
Шу муносабат билан талаб юқори бўлган бундай препаратларни бир йил ичида ўзлаштирган корхоналарга технология трансфери харажатларининг ярми Фармацевтика жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, энг кўп импорт қилинаётган 100 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида “Тошкент фарма парк” ҳудуди яна 100 гектарга кенгайтирилади.
Йиғилишда фармацевтика маҳсулотлари экспорти масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бугунги кунда тармоқ экспорти 220 миллион долларга етган бўлса-да, унинг атиги 14 миллион доллари дори воситалари ҳиссасига тўғри келади.
Шу муносабат билан корхоналарни халқаро стандартларга мослаштириш муҳимлиги таъкидланди. Ҳозирда 58 та дори ишлаб чиқарувчи корхона миллий GMP сертификатига эга. Энди уларни Европа GMP стандартларига мослаштириш зарурлиги қайд этилди.
1 июндан бошлаб маҳаллий корхоналарнинг ЕврoGMP сертификатини олиш харажатларининг 50 фоизи Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Йиғилишда давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилишича, маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етмагани сабабли айрим корхоналар давлат корхоналарига маҳсулот сотиш имкониятига эга эмас.
Шу муносабат билан 1 сентябргача маҳаллий маҳсулот сертификатига эга тадбиркорларга маҳаллийлаштириш даражасидан қатъи назар, давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилиши белгиланди.
Қайд этилишича, ўтган йили мамлакатимизда 57 мингдан ортиқ номдаги рўйхатдан ўтмаган ва контрафакт дори воситалари аниқланган.
Шу боис, дориларнинг ноқонуний савдосига қарши курашни кучайтириш, сифати шубҳали маҳсулотлар айланмаси учун жавобгарликни кескин кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилишни бартараф этиш масаласи ҳам кўтарилди.
Бугунги кунда фармацевтика соҳасидаги 6 та илмий-тадқиқот институтида 300 дан ортиқ олим фаолият юритмоқда, олий таълим муассасалари эса ҳар йили қарийб 1 минг нафар мутахассис тайёрлайди. Бироқ илмий ишланмаларни саноатга жорий этиш етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Шу муносабат билан кимё-фармацевтика, вакцина ва зардоблар ҳамда шарқ табобати институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. У “Тошкент фарма парк” ҳудудида жойлаштирилиб, илмий тадқиқотларни бевосита ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш имконияти яратилади.
Парк ҳудудида клиниколди тадқиқотлар лабораторияси, биологик ва кимёвий тадқиқотлар марказлари ҳамда 250 ўринли халқаро клиник тадқиқотлар маркази ташкил этилади.
Шунингдек, Тошкент фармацевтика институти ва Фармацевтика техника университети профессор-ўқитувчилари ўз илмий фаолиятини фармапарк ҳудудида олиб боради. Талабалар эса корхоналарда дуал таълим асосида ўқиб, ишлаш имкониятига эга бўлади.
Янги дори воситаларини ишлаб чиқаришга жалб қилинган олимлар иштирокидаги лойиҳалар учун корхоналарнинг 100 минг долларгача харажатлари қоплаб берилади. Маҳаллий олимлар яратган янги препаратларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарга эса уларни рўйхатдан ўтказиш ва клиник синовлар учун 100 миллион сўмгача субсидия ажратилади.
Йиғилишда фармацевтика корхоналари вакилларининг таклифлари ва ташаббуслари эшитилди, мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.