Кеча Ичан қалъадаги Кўҳна Арк олдидаги катта майдонда ўрнатилган саҳнада “Хива — туркий дунё маданияти пойтахти” деб номланган концерт бўлиб ўтди. Шаҳарда янги барпо этилган “Фаровон” меҳмонхонасида форумнинг расмий очилиши маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди. Тадбирда сўз олган меҳмонлар кўҳна Хива шаҳри, мамлакатимиз бой маданияти ҳақида тўхталиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро маданий алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Халқаро форум доирасида тўртта шўъбада бўлиб ўтаётган конференцияларда қадим тамаддуннинг бошқа халқларга таъсири, ҳозирги глобал ўзгаришлар даврида туркий халқларга хос анъаналар, миллий қадриятлар бардавомлигини сақлаш ва ўзаро маданий алоқаларни кенгайтириш орқали қардош халқлар санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида фойдали мулоқотлар бўлиб ўтмоқда.
Шунингдек, Саид Исломхўжа меҳмонхонасида “Хоразмнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси” мавзусида илмий конференция ҳам бўлиб ўтади. Нуруллабой саройида эса Халқаро маслаҳат қўмитаси йиғилиши ўтказилади ҳамда унда келгусидаги режа ва лойиҳалар муҳокама қилинади.
Фаровон юртга шундай форумлар ярашади. Бу каби халқаро тадбирлар юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириши, шубҳасиз.
Рўзимбой ҲАСАН,
“Янги Ўзбекистон” мухбири