Сўнгги пайтларда турли оммавий ахборот воситаларида ФҲДЁ бўлимлари томонидан фуқароларнинг бир неча йил кечикиб бўлса-да туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни олаётганлиги ҳақидаги хабар ёки лавҳаларга тез-тез кўзимиз тушиб қолади.
Хўш, нима учун ўша фуқаролар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ўз вақтида расмийлаштирмаган?
Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ бўлими томонидан бевосита ёки Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари”да ёзиб қўйилган.
Унга кўра, туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар, шунингдек, тиббиёт муассасаларининг, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан берилиши мумкин.
Жорий йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Нурафшон шаҳрида 936 та туғилиш ҳолати расмийлаштирилган бўлиб, шундан 477 таси ўғил, 459 таси қиз болалар. ФҲДЁ бўлими томонидан 222 та никоҳ қайд этилган бўлса, шаръий никоҳда яшаб келаётган 28 та оиланинг никоҳи қонунийлаштирилди. Шунингдек, 13 та муддати ўтиб туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви расмийлаштирилган.
ФҲДЁ органлари томонидан далолатномаларнинг муддати ўтиб қайд этилишига кўпроқ ота-онанинг эътиборсизлиги ёки масъулиятсизлиги, туғилишни қайд этиш учун ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги, оилавий шароит билан боғлиқ ҳолатлар, ота (она)нинг паспорти йўқлиги ёки муддати тугаганлиги сабаб бўлмоқда. Баъзан эса, ота-она қонуний никоҳда бўлмаганлиги, бола уй шароитида туғилганлиги бўйича далолатнома тузилмаганлиги, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотноманинг йўқ ёки йўқотилганлиги, онанинг паспорти бўлмаганлиги боис туғруқ муассасаси томонидан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома берилмаганлиги сабаб ҳам далолатномаларнинг муддати ўтиб қайд этилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Фарзанд кўриш инсон ҳаётидаги энг қувончли, ҳаяжонли, бир умрга унутилмас бахтли жараён ҳисобланади. Ана шу жараёнларда янги туғилган чақалоқларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ўз вақтида олишингизни сўраб қоламиз. Бола ҳуқуқлари ҳам қонунан ҳимояланганлигини эсдан чиқарманг.
Светлана Жўраева,
Нурафшон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси