Ўша кезларда онам туман кутубхонасига аъзо эди. У билан туман марказига китоб олгани бориш мен учун байрам эди. Биринчидан, онамга эркалик қилиб, марказдаги дўконларни айланишим, ўзим истаган нарсани олдириш имкони туғиларди. Иккинчидан эса, кутубхонадаги китоб жавонларида ранг-баранг китобларнинг расмларини томоша қилардим ва улар ҳақида онамдан билиб олишга уринардим.
Мучал ёшига етганимда дадам билан марказдаги китоб дўконига бордик. Дадам менга кўпгина китоблар совға қилди. Шулар орасида Навоийнинг “Ҳамса” си ҳам бор эди. Йиллар ўтди. Менинг ҳам ёстиғим остида турадиган китоблар пайдо бўлди. “Ҳамса”, “Ўткан кунлар”, “Икки эшик ораси”, “Чолиқуши” ва бошқа жаҳон адабиётига мансуб асарлар. Жилдлари сарғайишга улгурган, кўп ўқилганидан вароқлари нозиклашиб қолган бу китоблар билан мени кўзга кўринмас ришталар, хотиралар боғлаб тургандек гўё. Бувимнинг, онамнинг ёрқин хотиралари, дадамнинг меҳри гўёки мана шу китобларда акс этиб туради.
Мактабда ўқиб юрган кезларимда “Менинг Зайнабим” сарлавҳали иншоим республикамиз миқёсида, юқори синф ўқувчилари орасида юксак баҳоланди. Иншода Зайнаб образи мисолида хотин-қизларнинг жаҳолатга ботишига сабабчи бўлган омиллар ҳақида ўсмирга хос дунёқарашимни ёритгандим. Адабиёт ўқитувчим Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини ҳар йили бир маротаба ўқишимни маслаҳат бераркан, йиллар ўтиб, фикрларим ўзгариши мумкинлигини айтди.
Чиндан ҳам бу асарни ҳар йили ўқиганимда, тафаккуримда янги бир қараш уйғонишига амин бўлдим. “Ўткан кунлар” романи энг гўзал миллий қадриятлар ўта нафислик билан акс эттирилган саҳна асари каби. Асар бамисоли оқ-қора тасвирда ёритилган, гарчи мудҳиш кунларни акс эттирган бўлса-да, қора тасвирлар орасида “ярқ” этган миллий қадриятларимиз сурати каби қадрдон туюлади менга.
Университетда ўқиб юрган кезларимда курсдошлар билан стипендия олган кунимиз китоб сотиб олиш учун китоб дўконларига шошилардик. Китоб дўконлари ҳаридорларга тўлиб кетарди.
“Ёзувчи кўпайиб кетди”, “Ўқишга арзирли китоблар камайиб кетди”... Назаримда, китоб ўқимаслик учун баҳона қидирадиганларнинг қараши бу.
Ҳар бир даврда яратилган маҳсулотларнинг сифати бир хил бўлмаганидек, китобларнинг ҳам савияси ҳар хил бўлиши мумкин. Китобхонлик китобнинг сони билан белгиланмайди. Балки ўқувчи ва ёзувчи ўртасидаги руҳий яқинликни акс эттиради. Қайсидир китобни ўқишга қийналсангиз, ундан воз кечманг, балки китоб муаллифи ҳақида ўрганинг. Ҳар бир ёзувчи алоҳида бир олам. Унинг ўзига хос дунёси билан таниш бўлган киши у ёзган сатрларни зерикмасдан ўқийди ва уқади.
Китоб ўқимаган одам фикрлашдан тўхтайди, деган ҳикматли гап ҳақиқат. Китоб инсоннинг тафаккурини кенгайтиради, деган фикрга китоб дунёсига кириб борган ҳар бир одамнинг қўшилиши аниқ. Айниқса, “Ўткан кунлар” каби йиллар тўфонида қўлма-қўл бўлиб, ҳар бир даврда ўзига хос баҳоланиб келаётган адабиётлар ўзлиги, миллий руҳи ва яна бошқа жиҳатлари билан ўқувчилари сафини кенгайтириб бораверади.
Икки маротаба ўқишга арзимайдиган китоб бир маротаба ўқишга ҳам арзимайди, деган эди XVIII асрда яшаб ижод қилган композитор, немис романтик операси асосчиси Карл Вебер. Дарҳақиқат, биз бугун Абу Райҳон Берунийни, Ал-Фаробийни, Амир Темурни, Алишер Навоийни ва бошқа ўнлаб, юзлаб шахсларни тарихда яшаб ўтган буюк аждодларимиз сифатида таниймиз. Бироқ улар қолдирган бой мерос бизга уларни бугун ҳам ўқиш, тафаккур даражаси билан ғурурланиш имконини беради. Бу, албатта китоб билан амалга ошади.
“Ўткан кунлар”ни хонадонида сақлаган одамлар “халқ душмани” сифатида жазога тортилганларини бувиларимиздан, боболаримиздан эшитганмиз. Бугун ушбу романни ўқишимиз учун ҳукуматимиз томонидан ёруғ, муҳташам кутубхоналар барпо этилган. Уйдан чиқмаган ҳолда электрон кутубхоналардан фойдаланишимиз ҳам мумкин. Кўпинча китоб мутолаа қилаётганимда Гоголнинг шамни чўп билан ўлчаб қўядиган бобоси ёдимга тушади. Болакай китоб ўқиш учун “милт” этганки шуъладан фойдаланади. Кўркам кутубхоналар, жавонлар тўла китоблар, энг замонавий технологиялар бизга китоб мутолаа қилишимиз ва тафаккуримизни янада кенгайтиришимиз учун ўн ҳисса ортиқ имкониятлар яратаётгани олдимиздан оққан сув кабидир. Уни қадрлашимиз шарт.
Юртимизда китобхонлик маданиятини оммалаштириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказиляпти. Бу албатта, хайрли. Бугун мен оналаримиздан фарзандига имкон бўлса ҳар куни, ёки ҳар ҳафтада, ҳеч бўлмаганда, ойда бир маротаба бўлса ҳам, яхши бир китоб ҳақида гапириб беришларини сўрайман. Иш, турмуш ташвишларидан ё менинг, ёки сизнинг вақтимиз камдир. Бироқ қайсимиздир тарбиялаган китобсевар ўғлимиз, тафаккури гўзал бўлиб етишган қизимиз миллат учун ўнлаб, балки юзлаб ақлли фарзандларни камолга етказиб беради.
Болалигимда ҳар бир эртак қаҳрамонлари ўз муроду мақсадларига етиши, эртаклар албатта эзуликка етаклашига ишондим. Ҳаётнинг турли чорраҳаларида кундалик ташвишларни тотганимда, барча қийинчиликлар ва синовлар ортида хайр борлигига ишониб яшашни, умид қилишдан тўхтамасликни китоблардан ўргандим. Ота-оналар болалар учун идеал ҳисобланади. Демак, кутубхонага аъзоликни боламизга биз ўргатайлик. Китоб ўқишни улар биздан ўзлаштиришсин. Китоб ҳақида улар билан суҳбатлашишни одат қилайлик. Шунда “болам, китоб ўқи, одам бўласан, олим бўласан”, ёки “тўғри юр, тўғри тур, илмни сев, ватанга содиқ бўл”, дейишимизга ҳожат қолмас, балки...
Зиёда Акбарқулова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси