Туғилганлик ҳақидаги ариза бола туғилган кундан бошлаб 1 ой муддат мобайнида оғзаки ёки ёзма шаклда берилиши зарур.
Бола туғилганлиги тўғрисидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари ёки ота-онаси ёхуд ота-онасидан бири ваколат берган бошқа шахслар, шунингдек тиббиёт муассасаларининг, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органларининг мансабдор шахслари томонидан берилиши мумкин.
Шу ўринда, белгиланган 1 ойлик муддатнинг ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўсқинлик қилмайди.
Бунда, 16 ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун ФҲДЁ органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза берилади.
Туғилганликни қайд этиш учун: бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-оналарининг паспортлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гербли гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёхуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.
Болага исм ота-онанинг розилигига кўра берилади. Болага қўшалоқ исм беришга йўл қўйилади (Саидаҳмадхўжа, Тўхтамуроджон, Гулираъно, Мирзаолим, Мирзо Улуғбек, Роза-Мария).
Агарда, эгизак (иккита ва ундан ортиқ) болалар туғилганда уларнинг ҳар бири учун туғилганлик ҳақида тиббий маълумотнома тақдим этилиши керак, улар асосида туғилганлик ҳақида алоҳида-алоҳида далолатнома ёзувлари, тартиб рақамлари ёзилган ҳолда, қайд этилиб, уларнинг ҳар бирига туғилганлик ҳақида алоҳида гербли гувоҳномалар берилади.
Э.Искандаров,
«Мадад» ННТнинг бош мутахассиси