Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари ҳамда Ўзбекистон божхона хизмати Фахрийлар Уюшмасининг Тошкент шаҳар бўлинмаси томонидан узоқ йиллар божхона тизимида хизмат қилган бир қатор фахрий божхона ходимларининг хонадонларига ташриф буюрилиб, фахрийларнинг ҳолидан хабар олинди.
Шу ернинг ўзида кексалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларнинг мароқли ҳордиқ олишларини ташкил этиш мақсадида театрга чипталар тақдим этилди.
Шунингдек, "Кексалар ҳафталиги" доирасида фахрий божхона ходимлари учун бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, "Янги Ўзбекистон" мажмуасига ташриф буюрилди.
Шу ерда фахрийларга мазкур боғнинг яратилиши, у ердаги ҳар бир компонентларнинг рамзий ифодаси тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг, кексалар Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган "Зангиота" зиёратгоҳида бўлишди.
Ташрифнинг сўнгги манзили "Арқбулоқ" ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бўлди.
Божхона фахрийлари божхона пости фаолияти билан яқиндан танишишди. Уларга бугунги кундаги божхона тизимидаги олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбирлар якунида фахрийлар божхона ходимларининг ишларига омад ва зафарлар тилаб хайрли дуолар қилишди.
Фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.
Бу каби ижтимоий-маърифий тадбирлар ёши улуғ инсонлар мамлакатимизда доимо эътибор ва эъзозда эканини яна бир бор тасдиқлайди.