Жорий йил якунига қадар хонадонларда 106,9 гектар майдонда енгил конструкцияли 8220 та ихчам иссиқхона қуриш режалаштирилган. Шунингдек, аҳоли тажрибасидан келиб чиққан ҳолда 514 та маҳаллани “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилига ихтисослаштириш орқали томорқадан йилига 3 мартача ҳосил олиш йўлга қўйилди.
— Йигирма икки сотих томорқамизда йил-ўн икки ой деҳқончилик қиламиз, — дейди Бойсун туманидаги Пулҳоким маҳалласида яшовчи Қудратилло Маматқулов. — Ҳозир ўн бир сотих очиқ майдонда картошка ва пиёз, икки сотих иссиқхонамизда эса лимон етиштиряпмиз. Оиламиз билан олти сотих интенсив боғ қилиб, олма, хурмо, ўрик, шафтоли экканмиз. Хонадонимизда олти бош қорамол, ўн беш бош қўй-эчки ва саксонта парранда бор. Деҳқончилигу чоравачиликдан бир йилда 55-60 миллион сўмдан ортиқ даромад оляпмиз. Бу эса дастурхонимиз тўкинлиги ҳамда фаровон турмушимизни таъминлаяпти.
Томорқачилик кластери
Аҳолининг деҳқончилик маданиятини шакллантириш, соҳага энг илғор тажрибаларни қўллашда жойлардаги “Томорқа хизмати” корхоналарининг ўрни катта бўлмоқда. Жумладан, 2018-2021 йиллар давомида вилоятда 71 та ана шундай тадбиркорлик тузилмаси иш бошлади. Бу корхоналар аҳоли томорқаларига шартнома асосида уруғлик, кўчат ва минерал ўғит етказиб бермоқда. Шу билан бирга, ер ҳайдаш, экин экиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, парранда, асалари уяси, наслли қорамол, қўй ва эчки етказиб беришда аҳолига яқин ва ишончли кўмакдош бўлмоқда. Хонадонларда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотишда “Томорқа хизмати” корхоналари мададкор. Ўтган йили ушбу корхоналар негизида 4 та томорқачилик кластери ташкил этилди.
Натижада деҳқону боғбон, томорқа ер эгаси етиштирган маҳсулотларни қуритиш, саралаш, қадоқлаш каби хизмат турлари ва сифати янада яхшиланди. Албатта, бу ютуқларга эришишда давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 16 декабрдаги “Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори томорқадан самарали фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратмоқда. Масалан, томорқалардан олинаётган ҳосил ҳажмини янада оширишга эришиш, аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун давлат томонидан 95,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган. Бу кредитлар, ўз навбатида, томорқа ер эгаларига 100 та товуқ, 5-10 та курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй ва эчки, 5 та асалари уяси харид қилиш, интенсив усулда балиқ боқишни йўлга қўйиш, ихчам иссиқхоналар, “дала дўконлари” қуришга ажратилади.
Ишнинг ўзинигина эмас, кўзини ҳам биладиганлар
Шу йил бошидан буён амалиётга татбиқ этилган маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси фаолияти бу борадаги ишларни “хонадонбай” амалга оширишга имконият бераётир. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан “Томорқа хизмати” МЧЖларга уруғлик, кўчат, мотокультиватор ва минитрактор, инкубатор харид қилиш ҳамда айланма маблағ учун 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилмоқда. Шунингдек, етакчи тадбиркорлик субъектларига томорқаларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришда кредитлар ажратилиши кўзда тутилган. Юқоридаги қарор ижроси доирасида жорий йилда яна 4 та томорқачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш, сув таъминоти нисбатан оғир ҳудудлардаги томорқаларни суғориш учун 143 та вертикал суғориш қудуғи қазиш режалаштирилган.
— Бугун ислоҳотлар чин маънода маҳаллага кириб борди, — дейди намунали томорқа ер эгаси сифатида эътироф этилган Акмал Маматмўминов. — Ер —битмас-туганмас хазина. Буни билган киши омилкорлик билан ишласа, ҳам ўзи, ҳам элга наф келтиради. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, йигирма уч сотих томорқамиздан баракали ҳосил оляпмиз. Ҳозир ўн беш сотихда экспортбоп карам етиштиряпмиз. Бундан ташқари, мўъжазгина иссиқхонамизда помидор ва бодринг экканмиз. Олти сотих боғимизда турли мевали дарахтлар бор. Томорқамиздан йилига 70 миллион сўмгача қўшимча даромад кўряпмиз. Сурхондарёда Акмал ака сингари миришкор томорқа ер эгалари кўплаб топилади. Бандихон туманидаги Чинор маҳалласида яшовчи Бахтиёр Қодиров ҳам ишнинг кўзини биладиган инсонлардан. Ҳозир унинг етти сотихли иссиқхонаси бор. Бу ердан аллақачон булғор қалампири ва помидорнинг илк ҳосили олинди. Томорқанинг бир четида эса сабзи ва кўкатлар
яшнаб турибди. Бир томонда кичик интенсив боғ бор. Узун туманилик Раҳматулло Қоржовов ўз хонадонида мўъжазгина кўл ташкил этган. Дастлаб қизиқишдан бошланган иш оилага яхшигина даромад келтирмоқда. Бугунги кунда у эл дастурхонига йилига ўн-ўн икки тонна балиқ етказиб бермоқда. Қаловини топсанг қор ҳам ёнади, деганларидай, омилкорлик билан иш тутаётган Раҳматилла бир парча ердан 200 миллион
сўмгача даромад топяпти. Ҳаракатда — баракат, дейишади! Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда, сухондарёликлар ҳам барака топмоқда, ҳам дастурхонимиз тўкин-сочинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Азимбек Самадов,
“Янги Ўзбекистон” мухбири