(Иккинчи мақола)

Ният қилганимиздек, ижтимоий сафарбарлик ва фаол фуқарорлик позициясининг миллий тараққиётимиздаги ўрни ҳақидаги мулоҳазаларимизни иккинчи мақоламизда давом эттиряпмиз. Шу боис, фикрларимизни мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, янги Ўзбекистонни барпо этишнинг, одамларда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришнинг энг муҳим шартларидан бири қонун ва адолат устуворлигини таъминлашдан иборат.

Жамиятда адолат тамойилига эришиш учун барчамиз мавжуд қонунларга, умумэътироф этилган меъёрларга амал қилишимиз лозим. Дарҳақиқат, қонунларга амал қилишга мажбурлик ҳиссидан уларни бажаришга масъуллик, онгли равишда англанганлик ҳолатига ўтишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Яна ҳам бошқачароқ айтадиган бўлсак мажбурлик ҳисси инсонни қўрқув натижасида қонунга амал қилишга мажбур этади. Масъуллик эса, ҳар биримиздан мазкур қонун, жамиятдаги мавжуд меъёрларга онгли равишда муносабатда бўлиш орқали ўз ифодасини топади. Фаол инсон аслида жамият ва давлат олдидаги вазифаларга қўрқув асосида эмас, балки масъуллик ҳисси асосида ёндашган шахсдир.

Масаланинг яна бир томонига эътибор берайлик: биз бугун фуқаролик, ҳуқуқий давлат барпо этишни ният қилганмиз. Барча ҳаракатларимиз замирида ҳам қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда унга қатъий амал қилиш турибди. Бошқача айтганда, ҳозирги замон талқинидаги фуқаролик жамиятини фуқаронинг ўзини жамият индивидуал аъзоси сифатида тан олишидан, унинг комил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлгани ҳолда, жамият олдида маънавий жиҳатдан ҳамда ўз хатти-ҳаракатлари учун масъул эканини қай даражада англаганидан билиш мумкин.

Яна шу нарсага эътибор бериш муҳимки, шарқ халқларида шахс маънавияти ва ахлоқи ижтимоий тараққиётнинг асоси сифатида қаралса-да, бу қонунларга, умумэътироф этилган меъёрий қоидаларга бўйсунишни асло инкор этмайди. Қолаверса, қонун устуворлигини таъминлаш, кишида қонунга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш чексиз давом этадиган жараён эканини ҳам ёдда сақлаш лозим.

Ғарбда кўпинча қонунлар тарихий-маданий, ижтимоий-ахлоқий, маънавий-маърифий меъёрлардан ажратиб қўйилган. Улар гоҳо анъаналарни очиқдан-очиқ рад этади, одамларни ноанъанаваий меъёрларга бўйсунишга ундайди. “Замонавий демократия, деб ёзади Ф.Хайек, кўпинча қонунга ҳурмат кўрсатмайди”. Аммо бу ғарб кишилари қонунларнинг зарурлигини рад этади, дегани эмас. Аслида қонун севиб ўқиладиган ишқий роман эмас, у ўзига ҳаммани баб-баробар ром этишни талаб қилади. Сиз қонун борлигини унутишингиз мумкин, аммо қонун сизнинг борлигингизни унутмайди. Қонун ўзининг борлигини унутганларни сўзсиз жазолайди. (Мусаев Ф. Демократик давлат қуришнинг фалсафий-ҳуқуқий асослари.

Демак, фаол фуқаро, энг аввало, қонунга, жамият томонидан қабул қилинган барча ҳуқуқий ҳужжатлар, умумэътироф этилган маънавий-маърифий, ахлоқий меъёрларга сўзсиз итоат этувчи, уларни ҳурмат қилувчи шахсдир. Бугун мамлакат раҳбари томонидан олдимизга қўйилган энг катта вазифа эса, барпо этилаётган ҳуқуқий, фуқаролик жамиятнинг маърифатли давлатни қуриш назарияси ва амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлашдан иборатдир.

Фаол фуқаролик позициясига эга шахснинг муҳим кўринишларидан яна бири, бу — бугун мамлакатимиз ва жаҳонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга холис жавоб бериб, уларга муносабат билдира олиш кўникмаси шаклланганлик масаласидир. Ижтимоий тармоқлар, Интернет тизими бугун барчани ўз домига тортиб, хоҳлаган материал, ахборот билан барчани “маст” қилмоқда. “Фейк”, яъни ёлғон ахборот тарқатиш, унинг натижасида одамларни турли хаёлий ўйларга кириб кетишига эришиш, виртуал дунёнинг чексиз сарҳадларида кишиларнинг ўзини-ўзи идора эта олмаслигини таъминлаш орқали турли сиёсий, мафкуравий, ғоявий мақсадларга эришишга бўлган бугунги ҳаракат соғлом жамоатчиликни чуқур ташвишга солмоқда.

Ана шундай шароитда ҳар биримизнинг фаол фуқаролик позициямиз жуда зарур. Бундай позиция бизни бугунги ахборот маконидаги маънавий, ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Инсондаги фаол фуқаролик позицияси шахсдан қатъиятлиликни талаб қилади. Қатъиятлилик — шахснинг жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бериш кўникмаси, бўлар-бўлмас, илмий жиҳатдан асосланмаган, ҳаёт тажрибасида синовдан ўтмаган хулосаларга суянмаслик, ўз фикрини ҳар қандай шароитда ҳимоя қила олишдан иборат маслак.

Қатъиятли инсон — ишончли инсон. Уни мустаҳкам ирода ва кучли эътиқод бошқаради. Бундай шахслар кўнгил, ҳиссиётга қараганда кўпроқ илм ва ақлга қулоқ солади. Ягона тўғри йўлни танлашга йўналтира оладиган омил, бу — илм ва ақл. Мутафаккирларимиз илм олишни Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдан афзал билган. Муқаддас “Танбеҳул ғофилин” китобида шундай ёзилади: илмни ташлаб, фақат ибодатга юз тутган қавмдек бўлманглар. Уларнинг терилари баданларига ёпишиб кетса ҳам, одамларнинг олдига қиличлари билан чиқадилар. Агар улар илмни талаб қиласалар эди, илмлари қилган ишларидан тўсган бўларди. Илмсиз амал қилувчи йўлдан адашган кишига ўхшайди. У ғайратни кучайтирмайди, балки қийинчиликни зиёда қилади, ислоҳидан фасоди кўп бўлади.

Дарҳақиқат, бугунги дунё илм-фан асослари билангина ривожланиши мумкин. Бекорга мамлакат раҳбари бот-бот ҳар бир соҳанинг ривожи унинг илм-фан соҳаси билан қанчалар даражада асосланганлигига боғлиқ, деб таъкидлаётгани йўқ. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илм-фан ва инновациялар соҳасида етакчи мамлакатлар қаторидан ўрин олиш, тўртинчи саноат инқилоби даврида халқаро рақобатбардошликка эришиш, тўпланган муаммоларнинг янги ечимларини излаб топиш, шунингдек, глобаллашув туфайли юзага келаётган баҳсли масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади, деган хулосасида катта ҳақиқат бор.

Демак, фаол фуқаролик позициясига эга шахснинг муҳим жиҳати қатъиятлилик экан, бу қатъиятлиликни илм-фан омилисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Янги жамиятни барпо этишга бел боғлаган ҳар қандай инсон илм-фансиз, илмий хулосаларсиз ўзини янги марралар сари сафарбар эта олмайди. Илмсиз киши гўёки ўрмонда адашган киши каби, ўз фаолиятидаги турли нохушликлар, қийинчиликлар, адашишларни “замона зайли”га ёяди, “ўзбекчилик”, дея ўзларини овунтиради. Фаол фуқаролик позициясига эга бўлмаган ҳар қандай шахс учун муқаддас нарсалар йўқ. Чунки, ундайлар вазиятга қараб иш тутади. Улар учун қулай пайтни пойлаш, қандай бўлмасин, қайси йўллар билан бўлмасин ўз муаммоларини ҳал этиш энг муҳим масала ҳисобланади.

Фаол фуқаролик позицияси ҳар биримиздан сиёсий сергакликни ҳам талаб қилади. Собиқ совет тузуми шароитида расмий ҳокимият одамларни иложи борича давлат сиёсатидан четда сақлашга ҳаракат қилди. Бунинг сабаби эса тайин эди: одамлар ўша тузумнинг асл моҳиятини, мустамлакачилик сиёсатининг мақсад-муддаоларини билиши мутлақо мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам ўша даврда одамларда сиёсий ҳаётга қизиқиш сўнди, уларда ҳафсаласизлик, ишончсизлик руҳияти кучайган эди.

Бугун эса одамларимиз мутлақо бошқача бўлиб қолди. Жамиятнинг ўзи юз бераётган барча ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ўзгаришларга одамларни оҳанрабодек тортмоқда. Чунки, ҳар бир ўзгаришда кишилар ўзларининг тақдирини, келажагини, мақсад-муддаоларига етишнинг йўлларини кўрмоқда.

Айни пайтда, бу борада ҳали қилишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳам талайгина. Сиёсий, ҳуқуқий саводхонлик даражамизнинг камлиги туфайли олдимиздаги баъзи муаммоларни ҳал этиш учун “таниш-билиш” қидиришимиз ёки “таъсирли” акахонлару катта-кичик раҳбарларга пора тақдим қилаётганимиз бор гапку. Булар тўғрисида ҳар куни ижтимоий тармоқлару расмий ахборотларда маълумотлар келмаяптими? Хўш, бундай салбий ҳолатларнинг сабаби нимада? Шубҳасиз, буларнинг сабаби битта: ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлик даражамизнинг пастлигидадир.

Қонун йўли билан, мамлакат раҳбари томонидан яратиб берилган барча имкониятларга қарамасдан ноқонуний усуллар билан муаммоларни ҳал қилишга “йўл қидириш” амалиётидан воз кечиш даври келди. Ижтимоий сафарбарлик фаол фуқаролик позициясига эга бўлган шахслар билан амалга оширилар экан, бунда шахсларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлик даражаси муҳим роль ўйнайди. Шу ўринда, мамлакат раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш лозимлиги бўйича қилган ташаббусини бугун барчамиз қўллаб-қувватлаб, бу жараёнда фаол қатнашишимиз лозим.

Фаол фуқаролик позицияси ҳар бир шахсдан давлат ва жамият фаолиятида муносиб иштирок этишимиз талаб қилади. Бу борада кейинги йилларда анча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, жойларда зиёлилар, маданият ва санъат аҳиллари аҳолининг барча табақалари билан ўтказаётган маънавий-маърифий тадбирлари, “Маданият карвонлари”нинг ташкил этилиши, “Китобхонлик” кўрик танловининг ўтказилиши, шубҳасиз, жамиятда муайян даражада ижтимоий фаолликни юзага келтирмоқда.

Буларнинг бари бугунги Ўзбекистон жамиятини ижтимоий-маънавий жиҳатдан янада барқарорлаштириш йўлидаги дадил қадамлар сифатида баҳоланиши мумкин. Қолаверса, бугун мамлакатимиз бўйича “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ёндашув асосида кундалик фаолиятимиз тобора очиқланиб бормоқда, аҳолининг ижтимоийлашув жараёни кенгаймоқда.

Бироқ бу ҳаракат олдимизга қўйган юксак мақсадлар ҳамда жамиятни янада демократлаштириш йўлидаги фаолиятимизга тўлиқ маънода уйғунлашиб бўлди, шу билан барча муаммолар ҳал этилди, дегани ҳам эмас. Чунки, айрим жойларда олиб борилаётган маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларимизда кўплаб нуқсонлар кўзга ташланиб қолмоқда. Аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилаётган кўплаб тадбирларимиз асосан ижтимоий жиҳатдан фаол, давлат сиёсатини яхши тушунадиган фуқаролар, “тадбирда муаммо билан чиқмайдиган”лар ўртасида ўтказилмоқда. Айрим маргиналлик ҳолатидаги фуқароларимиз эса, бундай тадбирларга жалб этилмаётгани ҳам ҳақиқат.

Жамиятда ижтимоий сафарбарликни таъминлаш учун эса, аҳолининг барча табақалари сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш талаб этилади. Биз бугун инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги давлатни барпо этишдек буюк халқ ҳаракатига асос солмоқчи бўлсак, шубҳасиз, жамият барча аъзоларининг ижтимоий фаоллигини таъминлашимиз керак. Шу маънода, фикримизча барча таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” ўқув фанини жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз. Жойларда ташкил этилаётган кўплаб илмий анжуманлар, зиёлилар ўртасидаги турли ижодий-маърифий тадбирларда мазкур масала муҳим аҳамиятга эга ҳаракат сифатида эътироф этилмоқда.

Ахир биз янги жамият барпо этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бундай жамиятнинг илмий асослари, келажакда барпо этилиши лозим бўлган давлатнинг энг муҳим, методологик кўринишларини ўрганмасдан, уларни тасаввур этмасдан туриб ўша буюк мақсадларга эришиш мумкин эмаслиги кундек аён. Бугун бизнинг тилимизга “Янги Ўзбекистон”, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”, “Учинчи Ренессанс”, “Инсон — жамият — давлат”, “Инсон қадри учун”, “Янги Ўзбекистон феномени”, “Янгиланаётган Ўзбекистон”, “Халқ манфаати ҳамма нарсадан устун”, “Жамиятнинг янги қиёфаси”, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, “Янги демократик бошқарув тизими”, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат”, “Маърифатли жамият”, “Янги маънавий макон”, “Янги Ўзбекистон — маърифатпарвар давлат” каби яқин-яқинда тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган, мутлақо янги тушунчалар кириб келди.

Тўғри, биз барчамиз ушбу сўзларни бугун тез-тез эшитиб турамиз, матбуотда ўқиймиз. Аммо уларнинг аниқ мазмун-моҳиятини биламизми? Масалан, бугун маънавият жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевор, деймиз. Аввалларичи? Яқин-яқингача ҳам маънавият феноменини сиёсий ақидаларга боғлиқлигини ё тан олмас эдик ёки бу нарсани айтишдан ҳадиксирардик. Яна бир нарсага эътибор беришимиз лозимки, яқин тарихда ҳам маънавият ҳақида бонг уриб гапирар эдик. Бироқ унинг жамият, миллат ва давлат тақдиридаги реал ўрнини аниқ белгилай олмагандик. Шунинг учун ҳам у тўғрисидаги гаплар қуруқ шиорлар, чақириқ ва даъватлардан иборат бўлиб қолаверганди.

Бугун ана шу масалаларга бизнинг муносабатимиз методологик жиҳатдан ўзгарди. Биринчидан, маърифатли жамиятни барпо этиш масаласи мутлақо янги ракурсда кун тартибига қўйилди. Маърифатли жамиятнинг маънавий қиёфасини яратиш вазифаси бизнинг олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири сифатида тан олинди. Ҳақиқатдан ҳам, биз жамиятнинг маънавий қиёфасини ўрганишга ҳаракат қилдикми? Албатта йўқ. Бугун эса, ана шу маънавий қиёфани ўрганиш, ундаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш учун тўғри ташхис қўйиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Иккинчидан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида биринчи маротаба маънавият ва маърифат масалалари алоҳида йўналиш сифатида қабул қилинди. Айнан ҳудди шунга ўхшаш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жабҳаларнинг барида авваллари биз ҳаттоки тасаввур ҳам қила олмайдиган янги, концептуал ўзгаришларни кўриш мумкин.

Тараққиётимиз тақдирини белгилаб берадиган ана шундай методологик янгиликларни энди биз навбатдаги шиор, даъват сифатида билишимизнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун мазкур қоидалар, йўналишларни давлатимиз раҳбари тасаввур этгани каби онгу шууримизга сингдириб олишимиз зарур. Бунинг учун эса, юқорида қайд этганимиздек, бутун жамият ислоҳотлар мазмун-моҳиятини онгли равишда англаб олиши ўта муҳим.

Шу маънода таълимнинг барча босқичлари, меҳнат жамоаларида “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” фанини жорий этиш мақсадга мувофиқ дедик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби ушбу фаннинг методологик асоси бўла олади.

Шу ўринда яна бир нарсага эътибор беришни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Бугун айрим мутахассисларда биз учун энг аввало яхши, ўз соҳасини мукаммал биладиган кадрлар керак, шу маънода ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш устувор масала сифатида ҳисобланмаса ҳам бўлаверади, деган хатарли қарашлар бор. Бу, бизнинг назаримизда мутлақо хато хулоса. Тўғри, бизга ўз соҳасини мукаммал билган, бу борада хорижий тажрибалардан бохабар, ўз ихтисослигини илмий асосга қўйган мутахассислар жуда керак.

Бироқ шу билан бирга биз учун ўз Ватани тарихини, аждодларимиз томонидан минг йиллар давомида яратилган бой илмий, миллий-маданий меросни ўзлаштира олган мутахассислар ҳам зарур. Ватанни севмасдан, юртимизда асрлар давомида шаклланган юксак цивилизациялар моҳиятини англамасдан, миллат руҳиятини ҳис этмасдан, ундан маънавий-руҳий қувват олмасдан туриб замонавий мутахассис бўлиш мумкин эмаслигини барчамиз онгли равишда англашимиз керак.

Масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор: ахир, биз маърифатли жамият барпо этмоқчимиз. Маърифатли жамиятни ўз тарихи, миллий-маданий меросини чуқур ўрганган, ўз фаолиятини ўтмишда юз берган ва шаклланган ижтимоий амалиёт билан уйғунлаштира олганлар билангина қуриш мумкин.

Ижтимоий сафарбарлик, фаол фуқаролик позицияси каби феномен ҳодисалар ўз-ўзидан шаклланмайди. Ўз Ватани, халқини севадиган, миллий меросидан руҳий қувват оладиган, ўзида тафаккур ислоҳотларини ўтказишга доимо эҳтиёж сезадиган одамлар билан ҳар қандай мураккаб муаммоларни ҳал этиш мумкин. Зеро, Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида шундай ёзади: “Биз ўз олдимизга Ўзбекистонни ривожланган мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация орқали эриша оламиз. Бунинг учун, аввало, ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини ошириш, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаол бўлишига эришмоғимиз лозим”.

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор