Президентимиз раислигида 13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлашдаги муҳим йўналишлардан бири бу — қишлоқ хўжалиги экани алоҳида таъкидланди. Бугунгача республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4 ярим минг нафаргача ёшга деҳқончилик учун ер ажратилгани, ерли бўлган ёшларга фермер ва кластерлар амалий ёрдам кўрсатиши муҳимлиги таъкидланди.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бугун кунда ҳудуднинг 2 минг 490 нафарга яқин ўғил-қизларига 1 минг 245 гектар ер майдонлари ажратиб берилган. Асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган ушбу ёшлар эндиликда ўзларига берилган майдонларда деҳқончилик қилиб, даромад олиш, оила бюджетини тўлдириш имкониятига эга бўлишяпти. Улар доимий иш билан таъминланиб, тажрибали деҳқон-фермерлардан дала ишлари сирларини ўрганади, шу билан бирга, элу-юрт дастурхонининг янада тўкин бўлишига ўз ҳиссаларини қўшишади.
— Оиламизнинг бирон бир аъзоси доимий даромадга эга эмас, — дейди “Наврўз” маҳалласи фуқароси Фотима Умматова. — Шунинг учун синглим Зуҳра иккимизга 1 гектар ер ажратилгани бизни ниҳоят хурсанд қилди. Куни кеча бу ерга мош экдик. Бунда бизга туман ҳокимлиги, фермерлар уюшмаси катта ёрдам берди. Уруғлик, техника билан таъминлашди. Мутахассислар “мош қисқа муддат ичида — уч ойда пишиб етилади”, дейишмоқда. Агар шундай бўлса, июль ойида ҳосилни йиғиштириб олиб, бу ерга иккинчи экин — кунгабоқар экишни режалаштириб турибмиз.
Диққатга сазовор томони, ёшларга ер бериш ташаббусини туман фермерлари, улар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган “Сангзор текстиль” МЧЖ агрокластери вакиллари ҳам якдиллик билан қўллаб қувватлади.
— Хўжалигимизнинг 5 гектар майдонини кам таъминланган оилаларнинг 10 нафар фарзандига бўлиб бердим, — дейди “Ўлмас Зебунисо” фермер хўжалиги раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Омонгул Ҳайитова. — Серҳосил, сув йўлига яқин ушбу майдонга куни кеча дуккали экин уруғи ташланди. Далани тайёрлаш, экин экиш ишларини ҳам ўз зиммамга олдим. Ерли бўлган ёшларнинг кўзларида акс этган қувончни кўриб, ўзимиз ҳам тўлқинланиб кетдик. Шубҳасиз, ишга чанқоқ, қийинчиликлардан чўчимайдиган ушбу ёшлар доимо бизнинг эътиборимизда бўлишади.
Юртимизда кенг қамровда муваффқиятли давом этаётган “Обод қишлоқ” давлат дастурининг қалғирғоч манзили сифатида тарихга кирган Манас маҳалласи ёшларга иккиламчи шартнома асосида ер майдонлари ажратиб бериш борасида ҳам бошқаларга намуна бўляпти. Маҳалланинг оз эмас-кўп эмас, 453 нафар ёшларига ушбу ҳудудга ёндаш “Манас” ва “Жиззах остонаси” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаларидан ер майдонлари ажратиб берилди.
— 265 ярим гектар майдон ҳазилакам ер эмас, — дейди маҳалла раиси Абдужалил ака Кенжаев. — Бу ерлардан ўртача 900 тоннага яқин пахта, 1 минг 500 тонна атрофида ғалла олиш мумкин эди. Аммо биз учун биринчи галда ёшларимиз тақдири, уларнинг ўз ҳаётларидан, бугунги кунидан мамнун ҳолда яшашлари муҳим. Шунинг учун ҳам фермерларимиз ҳеч иккиланмасдан йигит-қизларга кўмак беришяпти. Уларни ер, техника, ўғит ва сув билан таъминламоқда.
Ёшларга ер майдонлари ажратиб бериш борасидаги ишларда туманнинг 2-секторида қайд қилинаётган кўрсаткичлар диққатга сазовор. Туман прокурори етакчилигидаги ушбу сектор таркибига “Қаҳрамон”, “Чинобод” ва “Олтин водий” маҳаллалари киради. Ана шу ҳудудларнинг 960 нафар ёшларига 480 гектар ер бўлиб берилди.
— Сектормиз ҳудудида ёшларга ер ажратиб бериш борасидаги ишларни пухта ва аниқ режа асосида ташкил қилиш чоралари кўрилмоқда, — дея маълумот беради туман прокурори Акбар Сакиев. — Ер эгасига айланган биронта йигит-қиз, бирон сотих ер эътибордан четда қолмайди. Аграр соҳа мутахассислари ва тажрибали соҳибкорлар тавсияси биноан ёшларга ажратилган майдонлардан унумли фойдаланиш мақсадида уларга камида икки марта ҳосил олиниши мумкин бўлан экинларни экиш тавсия қилиняпти. Бу борада ҳам ички, ҳам ташқи бозорда рақобатбардош бўлган мош, ловия, қизил ловия, соя, ер ёнғоқ каби экинларга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати, бу борадаги тадбирларга тумандаги қарийб барча соҳаларнинг вакиллари, барча бўғин рахбарлари ҳам ўзларини дахлдор сезишмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш идоралари, катта-кичик жамоалар етакчилари ушбу муҳим ва долзарб, шу билан бирга, савобли ва хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган.
— Ёшларга ажратилган ерлардан унумли фойдаланиш, бу соҳада юзага келиши мумкин бўлган барча масалаларнинг ўз вақтида ижобий ечим топишини назорат қилишни 20 нафар маҳаллий депутатларимиз ўз зиммаларига олди, — дейди Дўстлик тумани ҳокими, халқ депутатлари туман кенгаши раиси Шавкат Дарвишев. — Улар ҳозир тўлиқ далаларга отланишган.
Баҳорнинг кечиккани экин-тикин юмушларининг ҳам кечикишига сабаб бўлмоқда. Шуни эътиборга олиб, ёшларга ажратилган ерларда амалга оширилаётган ишларнинг бошқа деҳқончилик тадбирларига халақит бермаслиги, аксинча, бу уларни биргаликда, уюшган ҳолда амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
— Воҳамизда етиштириладиган қовун-тарвузларнинг донғи етти иқлимга таралган, — дейди “Қаҳрамон” маҳалласи фуқароси Малика Бургутова. — Айнан шунинг учун ҳам мен ўзимга ажратилган 50 сотих ерга қовуннинг “обиноввот” навини экишга аҳд қилдим. Насиб қилса, мўл ҳосил олиб, уни биз каби меҳр-мурувватга муҳтож ёшларни ҳар томонмлама қўллаб-қувватлаётган Президентимиз ва халқимизга тортиқ қиламан.
Дўстлик азалдан аграр соҳада пешқадам туманлардан саналади. Жиззах вилоятида етиштириладиган асосий экинлар — пахта ва ғалланинг 25 фоизи айнан мана шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Бу эса, туманда ўз ишининг устаси бўлган деҳқонлар кўплигини тасдиқлайди.
Энг муҳими, ана шу миришкор дала заҳматкашлари эндиликда юртбошимиз ташаббуси билан ерли бўлган ёшларни ўз ёнларига олишга, уларга йўл-йўриқлар кўрсатишга, қўлларидан келадиган ҳамма ёрдамни беришга тайёрлиги ҳам кишини мамнун этади.
Худойберди КАРИМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири