Мазкур бизнес лойиҳа Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастури ҳамда Россия Федерациясининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Фарғона водийсида фермерларни иқлим ўзгариши хатарларига мослашиши ва барқарорлигини ошириш» ҳамкорлик лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Мева ва сабзавотларни экспортга тайёрлаш ва жўнатиш жараёнларида совуқхоналар муҳим роль ўйнайди. Бизнинг иқлим шароитимизда етиштирилаётган мева сабзавотларнинг асосий қисми тез бузиладиган бўлиб, уларни якуний истеъмолчига минимал нобуд бўлиш ҳолатда этказиб бериш кўп жиҳатдан совуқхонада сақлаш хусусиятларига боғлиқдир: йиғим терим, олдиндан совитиш, тезкор музлатиш ҳароратлари, бошқа мева-сабзавотлар билан сақлаш ҳолатлари ва бошқалар.

Мазкур лойиҳанинг долзарблиги шундан иборатки, «Неъматжон Икромжон Дилноза» фермер хўжалиги 10 йилдан кўпроқ вақт мобайнида олма ва гилос етиштириш билан шуғулланади ва етиштирган ҳосилини нисбатан арзон нархда воситачилар орқали Россияга сотади. Ҳосилни кейинроқ маъқулроқ нархларда сотиш учун унда имконияти йўқ. Энг яқин совуқхонаси мавжуд пункт фермер хўжалигидан 25 километр, қайта ишлаш корхонаси эса 30 километр узоқликда жойлашган.

«Лойиҳамиз истиқболли, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Неъматжон Болтабоев. — Мева ва сабзавотларни узоқ муддат сақлай олиш фермер хўжалиги учун иқтисодий жиҳатдан жуда фойдалидир, бундан ташқари, сақлаш майдони катта бўлганлиги боис, келажакда ўзимизнинг ҳосилдан ташқари бошқа боғбонларнинг ҳам ҳосилини сақлаб бериш бўйича хизмат кўрсатишимиз мумкин. Мисол учун, қурилиш босқичининг ўзидаёқ 15 нафарга яқин одам келажакда ҳосилини сақлашга қўйишимиз талаби билан мурожаат қилди».

Қуввати 400 тонна бўлган янги инфратузилма иншоотининг яратилиши фермерларнинг йил давомида, эрта пишар баҳор навларидан то кузги кеч пишар ҳосилларини сақлаш бўйича эҳтиёжларини қондириши мумкин. Айни пайтда, агрегатларни синовдан ўтказиш якунланиб, дастлабки 80 тонна олма сақлашга қўйилди. Лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида камида 20 та янги иш ўринлари яратиш, шу жумладан 15 нафар аёлни иш билан таъминлаш режалаштирилган, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.