Йилдан йилга фермер хўжаликларининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни ўсиб боряпти. Жумладан республикадаги меҳнатга яроқли аҳолининг 25 фоиз қисми ушбу соҳада банд. Фермерлар томонидан етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 66та мамлакатга экспорт қилиняпти.

Шу билан бирга, фермер хўжаликлари фаолиятининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлашда бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Жумладан, бугунги кунда фермер хўжаликлари фаолиятига оид статистик маълумотларни шакллантиришда ягона амалиёт мавжуд эмаслиги, ўнга яқин давлат органлари ва ташкилотлари томонидан статистик маълумотлар юритилаётганлиги боис фермер хўжаликлари сони, уларга ажратилган ер майдонлари ва бошқа статистик маълумотлар ўртасида тафовутлар мавжудлиги таъкидланди.

Бу, ўз навбатида, фермер хўжаликлари тўғрисида аниқ маълумотларни шакллантириш, уларнинг фаолиятидаги муаммоларни тўғри таҳлил қилиш имконини бермаяпти.

Фермер хўжаликлари билан суғурта шартномасини электрон тартибда расмийлаштириш имкони мавжуд эмас, шунингдек, суғурта ҳодисаси юз берганда қопланиши лозим бўлган суғурта пулини белгилашда ўртача ҳосилдорлик кўрсаткичини шакллантиришнинг ягона амалиёти ва услубиёти ишлаб чиқилмаган.

Шунингдек, фермерларнинг кредит кафолати сифатида ерга бўлган ҳуқуқидан фойдаланиш механизмлари мавжуд эмаслиги оқибатида фермернинг инвестицион фаоллиги сустлашяпти.

Шу боис ерга эгалик ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларни янада такомиллаштириш ҳамда ер муносабатларини ҳақиқий бозор муносабатлари даражасига етказиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокамалар сўнгида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.