Табиийки, фикрлар, хулосалар хилма-хил. Фойдаланувчилар орасида қуёш панелидан ҳали даромад кўрмагани, барибир асосий тармоқдан электр энергияси сарфлаб, тўлов қилаётганини айтаётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо тартибини ўрганиб, қурилмадан тўғри фойдаланаётганларнинг аксарияти қуёш панеллари хонадон эгаларининг электр энергиясига бўлган талабини тўлиқ қоплаб, харажатларини сезиларли камайтираётганини таъкидлаяпти.

Кўпчилик ҳатто истеъмолдан ортган электр энергиясини давлатга сотиб, қўшимча даромад қилмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида 12 746 нафар жисмоний шахс электр тармоқларига ўтказилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 8 миллиард 147 миллион сўм субсидия олган. Субсидиянинг энг катта қисми Хоразм вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти.

Яъни хонадонига қуёш панели ўрнатган оилалар истеъмолидан ортган электр энергия­сини давлатга сотиб, тўловларини тегишли тартибда қабул қилиб олмоқда. Ушбу амалиёт Президентимиз қарори билан 2023 йил 1 апрелдан амал қилаётган “Қуёшли хонадон” дастури доирасида белгиланган. У аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, қатор имтиёзларни ҳам назарда тутади. Жумладан, жисмоний шахслар қуёш панелларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиши, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлардан фойдаланиши мумкин.

Олти баробар кўп даромад

Нафақат жисмоний, балки юридик шахс­лар учун ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланганлик эвазига қатор имтиёзлар мавжуд. Шу жиҳат маҳаллий иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектлари, корхоналарни қизиқтираётгани рост. Аммо муқобил энергия манбаларидан фойдаланишнинг бошқа заруратлари ҳам бор. Яъни электр энергиясига талаб ортиши, бозор талабларига мос равишда нарх-наво тобора кўтарилаётгани, қолаверса, экологик мураккаб вазият сабаб атроф-муҳит учун зарарсиз ва барқарор манбалардан фойдаланиш зарурати бугун одамларнинг ўзида қуёш панелларига қизиқишни оширяпти. Айниқса, ресурслар ва сарф-харажатларни тежаш жиҳатидан иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари, хусусан, қишлоқ хўжалигида ҳам қуёш панелларидан кенг фойдаланиш оммалашиб бормоқда.

Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Nirt Fruit” фермер хўжалигининг бу борадаги тажрибаси ҳудуддаги дастлабкилардан бўлди. Хўжалик раҳбари Нуриддин Алиқулов қуёш панели ўрнатиш ортидан ­харажатларини тежаб, қўшимча даромад топаётгани сабаблими, кўпчилик уни намуна қилиб кўрсатмоқда. Фермер дастлаб 2024 йил июнь ойида 300 киловаттли қуёш панели ўрнатди. Ундан оладиган электр токининг бир қисмини хўжалик эҳтиёжларига сарфлаб, қолганини умумий тармоққа узатишни бошлади. Шунинг ортидан бугунги кунгача 22 миллион сўмдан ортиқ даромад кўрди.

Фермер хўжалиги 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва совитишдир. Хўжалик ер майдонларида ўнга яқин турдаги мевалар, ёнғоқ етиштирилиб, умумий сиғими 2,5 минг тоннали совиткич омборда сақланади. Йил давомида ўртача 15 минг тонна маҳсулот сақланиб, хорижга экспорт қилинади. Демак, бу ерда электр энергиясига талаб, асосан, совитиш омборидаги қурилмаларнинг доимий ишлаб туриши учун сарфланади.

— Айнан шундай совиткичларнинг ишлаши учун жуда катта миқдорда, яъни кунлик 1200 киловатт электр энергияси зарур ва бунинг учун ойига 100 миллион сўм харажат қилишимизга тўғри келарди, — дейди “Nirt Fruit” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Алиқулов. — Бу харажатни камайтиришнинг энг мақбул ечими муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, деган хулосага келдик. Дастлаб ўрнатилган 300 киловаттли қуёш панели кутилган натижани берди. Электр энергиясини иқтисод қилиш баробарида даромад кўрганимизга қизиқиб, хўжаликдаги 4 гектар ерга яна 3 минг киловаттли қуёш панели ўрнатишга киришдик. Қурилма учун харажатнинг бир қисмини ўзимиз қоплаган бўлсак, бир қисми учун банкдан кредит олдик. Жорий йилнинг 13 апрелидан бошлаб

3 минг киловаттли қуёш панели электр энергияси ишлаб чиқара бошлади. Бу қувватнинг 30 фоизи эҳтиёжимизни қоплаш учун етарли, қолганини эса давлатга сотяпмиз.

Ана энди кичик ҳисоб-китоб қилиб кўрсак. Фермер 300 киловаттли қуёш панелидан олаётган электр энергиясининг бир қисмини сотиш ортидан ўртача тўққиз ойда 22 миллион сўмдан ортиқ даромад қилган бўлса, ҳозирги 3 минг киловаттли қувватнинг 1800 киловаттини сотишдан аввалгидан салкам олти баробар кўп фойда кўради. Бу хўжалик ерларида етиштирилиб, экспорт қилинаётган маҳсулотлар даромадидан ташқари фойда. Қуёш панеллари учун қилинган харажатни ҳам узоғи

3 йилда қоплаш ҳисоб-китоб қилинган. Ахир бу қурилмалар арзон эмас, фермерга салкам 12 миллиард сўмга тушган.

Бу билан бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш ниятидан йироқмиз. Шунчаки қуёш панелини ўрнатиш ортидан олиниши мумкин бўлган даромадни бир мисол орқали таҳлил қилмоқчимиз. Бунинг бошқа фойдали томони ҳам бор. Яъни фермер ­истеъмолидан ортган муқобил энергия манбаини умумий тармоққа сотиши ортидан ҳудуддаги аҳоли хонадонлари ва иқтисодиёт тармоқларининг ҳам узлуксиз электр энергиясига талаби қондирилади. Айни пайтда фермер хўжалиги, асосан, кундуз куни тармоққа электр энергияси узатяпти. Яқинда 1,5 мегаваттли энергия сақловчи батареялар ўрнатиш ҳисобига қуёш нури бўлмаган вақтларда ҳам тармоққа узлуксиз ток етказиб бериш орқали талабнинг 10-12 фоизини қоплаш мақсад қилинган. Боиси, айни шу тиғиз вақтларда аҳолининг электр токига талаби каррасига ортган бўлади.

Фермернинг умумий тармоққа сотаётган электр энергияси тўловлари банк орқали ҳисоб рақамига туширилмоқда. Шу кунгача олган даромадидан мамнун. Айни пайтда хўжаликда 3300 киловаттли қувват ишлаб турибди. Энди Нуриддин Алиқулов яна 5 минг киловаттли қуёш панели ўрнатишни режалаштирган...

Хоразм тажрибаси яратилади

Шулар ҳақида Нуриддин аканинг ўзидан эшитган бошқа фермерлар ҳам қизиқиб, бирин-кетин қуёш панели ўрната бошлади. Олтиариқ туманидаги ­“Сардор-Сарвар” фермер хўжалиги раҳбари Воҳиджон Азимов улардан бири. Бошланишига 100 ­киловаттли қуёш панели ўрнатган фермер кейинроқ яна 50 киловаттли қувватни ишга туширди. Бунинг ортидан нафақат ўз эҳтиёжларини таъминлаяпти, балки истеъмолидан ортиқча электр энергиясини давлатга сотиб, ­озми-кўпми даромад топа бошлади.

— Ўтган йили Олтиариқ туманида вилоят ҳокими иштирокида қуёш панелларини ўрнатиш бўйича семинар бўлиб ўтди, — дейди Воҳиджон Азимов. — Унда кўп­лаб компаниялар қатнашиб, ўз таклифларини берди, мутахассислар қурилманинг афзалликлари ҳақида гапирди. Аммо “Бошидан ўтказган — табиб”, деган нақл бор. Бу масалада биздан 3-4 ой олдин қуёш панели ўрнатган шогирдимиз Нуриддин Алиқулов билан гаплашганимда, ўзидаги тажрибани айтиб берди. Шундан сўнг қуёш панели ўрнатишга қизиқишим ортиб, декабрь ойида 100 киловаттли қувватни ишга туширдик. Хўжалигимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, 500 тоннали музлаткичда сақланади. Ҳар кунги ҳисоб-китобни юритганимизда мавжуд музлаткичларнинг ишлаши учун 100 киловаттли қувват етаётгани кўринди. Шу боис, кейинроқ ўрнатилган 50 киловаттли қуёш панелларидан олинаётган электр энергия­сини умумий тармоққа узатиб, давлатга сота бошладик. Бугунги кунгача истеъмолимиздан ортган 13 минг 200 киловатт электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад олдик.

Қуёш панеллари ўрнатган аҳоли нафақат ўзи, балки мамлакат иқтисодиётининг ҳам барқарор ўсишига муносиб ҳисса қўшади. Юртимизда экология учун зарарсиз бўлган муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами ортади, табиий ресурс­лар тежалади. Шу боис, давлат бу борада фуқароларни рағбатлантиряпти. Бу Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш йўлидаги катта ҳаракатларининг бир қисми. Ваҳоланки, бундан 8 йил олдин “яшил” энергетика ҳақида тасаввурга ҳам эга эмасдик. Йирик қуёш ва шамол панелларининг юртимизда қурилиши фақат хаёлдек гап эди. Аммо ҳозир бу йўналишдаги янги ва йирик лойиҳалар ҳақида гапиряпмиз. Уларнинг ҳисобига 2024 йилда “яшил” энергия улуши 16 фоиздан оширилди. Яъни экологик тоза энергия қувватлари йилига 2-3 карра кўпайтириляпти.

Бунда аҳолининг ҳам ҳиссаси ошиб бормоқда. Одамлар электр энергиясига эҳтиёжини қайта тикланадиган, арзон, экологик тоза манбалар эвазига қоплашга ўрганяпти. Бу ҳам иқтисодий тежамкорликнинг бир кўриниши. Хоразмлик фермерлар ҳам таннархни тушириш учун изланиб, янгилик қилмоқда. Масалан, хонқалик фермер насосни электр билан таъминлаш учун ўтган йили 200 киловаттли қуёш панели ўрнатиб, йиллик 120 миллион сўм электр харажатини иқтисод қилди, қўшимча 53 миллион сўмлик электрни тармоққа сотди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида Урганч туманида Хоразм вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда шу ҳақида гап борди. Вилоятда экин майдонига сув чиқариш осон эмас, республикадаги насосларнинг 21 фоизи шу ерда жойлашган. Уларга қуёш панели ўрнатиб, электр харажатини иқтисод қилиш муҳимлиги таъкидланди. Барча 2 минг 138 та насосни шу тизимга ўтказиб, Хоразм тажрибасини яратиш зарурлиги кўрсатилди. Демак, бу борада ҳам ҳудудлар тажрибаси пайдо бўлади. Турли йўналишларда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳисобига самарадорликка эришаётган бундай тажрибалар бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилади. Бу, ўз нав­батида, тежамкорлик ва иқтисодий самарадорликка хизмат қилади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири