Зеро, ер ресурслари жуда катта аҳамиятга эга бўлган миллий бойликдир. Адлия вазири Русланбек Давлетов yuz.uz сайти мухбирига соҳага доир амалдаги қонун ҳужжатларининг бугунги ҳолати ва келгусида қилиниши кутилаётган ишлар юзасидан қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан, асосан, учта йўналиш бўйича ишлашимиз юзасидан топшириқлар берилди.
Биринчи йўналиш ердан фойдаланиш ҳуқуқларини унификация қилишдир. Бугунги кунда ердан фойдаланишда асос бўлувчи ижара ҳуқуқи, доимий фойдаланиш ҳуқуқи, мерос қилиб қолдириладиган умрбод ҳуқуқ, вақтинча фойдаланиш каби турли ҳуқуқий муносабатлар мавжуд. Бу каби ҳуқуқлар бугунги замон талабларига мосми, деган саволни берадиган бўлсак, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар яққол кўзга ташланади.
Иккинчи йўналиш ер ажратиш соҳасидаги шаффофликни таъминлашдир. Хусусан, фермерларга ер ажратиш тизими сўнгги йигирма йилда янгиланмаган эски қарорлар асосида амалга ошириб келинмоқда. Қолаверса, бу тизимда ўзига хос бюрократик тўсиқлар бор. Қонунчиликда белгиланган муддатларга амалда риоя қилинмайди.
Яратилаётган янги тизим орқали ахборот технологияларини қўллаган ҳолда шаффоф, ҳар бир иштирокчи ҳуқуқи ва манфаатини эътиборга оладиган, жамоатчилик назорати таъминланган, коррупциядан холи механизм яратилиши керак.
Учинчи йўналиш эса ер муносабатларини барқарор ривожлантириш ва бу соҳани инвестиция объектига айлантириш заруратидир. Жозибадорликни ошириш учун ерни давлат органлари томонидан олиб қўйиш асосларини қонуний нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишимиз ва мустаҳкамлашимиз керак.
Айни пайтда бу йўналишда тегишли мутахассислар иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. Тез орада тегишли ҳужжатни бутун жамоатчиликка эълон қилиб, таклифлар киритамиз.