Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 520 минг доза гриппга қарши вакцина давлат маблағлари ҳисобидан харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилган.
Мутахассислар таъкидлашича, болалар, айниқса, мактабгача ёшдаги тарбияланувчилар гриппга нисбатан энг ҳимоясиз қатлам ҳисобланади. Улар жамоада кўп бўлгани сабабли вирус тез тарқалади. Февраль ойида ўтказилаётган эмлаш болаларни пневмония, бронхит, отит каби оғир асоратлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, боғчаларда оммавий касалланишнинг олдини олишга қаратилган.
Таъкидланишича, грипп вируслари февраль–март ойларида ҳам фаол айланишда бўлади. Эмлашдан кейин 10–14 кун ичида организмда иммунитет шаклланиб, бола мавсум охиригача ҳимояланган бўлади. Айни пайтда ушбу даврда касалликнинг оғир кечиш хавфи юқори бўлгани боис, вакцина касалланишни тўлиқ олдини олмаса-да, уни енгил шаклда ўтишига ва асоратларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Эмлаш жараёнида болалар аввал шифокор кўригидан ўтказилади ва соғлом деб топилган тарбияланувчилар гриппга қарши эмланади.
Мутахассислар ота-оналарни болаларни ўз вақтида эмлатишга чақириб, гриппга қарши вакциналар хавфсиз ва самарали эканини таъкидламоқда.