Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси билан ҳамкорликда жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун семинар-тренинглар ташкил этилди.
Семинар-тренингда ФИФА вакиллари Алехандра Ҳуэте ҳамда Алберто Гиаcоми томонидан «Football for schools - мактабларда футбол» лойиҳаси ҳақида тақдимот қилинди ҳамда мазкур дастурнинг ижобий томонлари ҳақида қатнашчиларга сўзлаб берилди.
Алехандра Ҳуэте ФИФА томонидан «Football for schools» лойиҳаси бугунги кунда 53 та мамлакатда жорий қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди:
— Бу дастур мазкур спорт турига қизиқадиган иқтидорли ёшларни саралаб олиш ҳамда ўқитишда алоҳида аҳамиятга эга. Айнан «Football for schools» лойиҳаси ёрдамида дунё бўйлаб таниқли спорт юлдузлари етишиб чиққан. Бу Ўзбекистондаги истеъдодли ёшларни кашф этишда ҳам ўзига хос роль ўйнашига ишонамиз, — деди у.
Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари учун амалий машғулотлар ҳамда «Чиғатой» спорт базасига ташриф режалаштирилган.
Тадбир Олмазор туманидаги 191-мактабда бўлиб ўтди.
Семинар-тренинглар 29 апрелгача давом этади.