Тадбир давомида савдо, энергетика, тўқимачилик саноати, АКТ ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Финляндия томони Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасининг Маслаҳат қўмитаси ишида фаол иштирокини давом эттиришга, шунингдек, Финляндиянинг бир қатор донор ташкилотлари, молия институтлари ва хусусий компанияларидан қўшимча маблағ жалб этишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон томонининг ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишини рағбатлантириш, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Финляндияда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш таклифи қизиқиш билан қабул қилинди.

Учрашув якунида яқин келажакда бўлиб ўтадиган иқтисодий, саноат, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форум доирасида муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.