“Истеъмолчи.уз” ҳамжамияти маъмурлари Ўзбекистонда фирибгарларнинг энг тарқалган ҳийлаларига тушиб қолмаслик учун еттига тавсияни ишлаб чиқишган. Бу каби хавфларга дайди ёнғинчилар ва электриклар, сохта асал, квартира ва дачалар ижараси, наркокурьер бўлиб ишлаш таклифи ва ҳоказолар киради.
Электр тармоғини таъмирлаш учун пул йиғиш
Бу талаб хусусий компания вакиллари томонидан қўйилади. Сиз уларга пул беришга мажбур эмассиз. Истасангиз, улар билан шартнома тузишингиз мумкин.
Таҳририят бу рўйхатга “айёр” газчиларни ҳам қўшди. Айни кунларда “ақлли” газ ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёни кетмоқда. Айрим виждонсиз кишилар ҳисоблагичларни ўрнатиш учун 30 мингдан 300 минг сўмгача талаб қилиши мумкин. Бу учун пул берманг. Барча эҳтиёт қисмлари бюджет ҳисобидан қопланади. Агар шу муаммо юзага келса, “Ҳудудгазтаъминот”нинг қисқа 1104 телефон рақамига қўнғироқ қилинг.
Ёнғин хавфсизлиги учун йиғим
Номаълум шахслар эшикни қоқиб, ёнғин хавфсизлиги учун пул сўрашади. Унинг миқдори бир йилда 40-80 минг сўм бўлиши мумкин. Одатда фуқаролар уларга бир тийин ҳам беришмайди ва тўғри қилашади. Улар қип-қизил фирибгарлар.
Сохта асал
Фирибгарлар сохта асал таклиф қилишлари мумкин. Ўзбекистонда бу ҳийлага кекса кишилар тушиб қолмоқда. Фирибгарлар қарияларни тўхтатиб, қандайдир ҳикоя айтиб бериш орқали уларни чалғитишади. Натижада фуқаролар ўзлари англамаган ҳолда икки литр шакарли қайла учун 450 минг сўм беришганини билмай қолишади.
Сув учун фильтрлар
Сув фильтрларини таклиф қилаётган уддабуронлар фаоллашмоқда. Улар қўнғироқ қилиши, Телеграмда ёзиши ва уйма-уй юриши мумкин. Кўп ҳолларда хонадондаги сувнинг ифлосланганлик даражасини исботлаш учун тажриба ҳам ўтказишлари мумкин. Аслида бу “тажриба” мутлақо кўзбуямачликдир. Лекин гўёки ифлосланган сувни кўргач, бир неча миллионлаб турадиган фильтларни қандай қилиб харид қилганингизни ўзингиз ҳам пайқамай қоласиз.
Уй ижараси
Квартирангизни асло оғзаки келишув асосида ижарага берманг. Ижарачилар хонадон эгаларини чув туширгани акс этган ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда кўп учрайди. Бундай фирибгарларга қарши ҳеч кандай чора кўриб бўлмайди, чунки шартнома оғзаки тузилган.
Чорвоқдаги дачаларни ижарага беришга ҳам тўхталиш жоиздир. Фирибгарлар бировнинг дачасини ижтимоий тармоқларга қўйиб, арзон нархда ижарани таклиф қилишади. Мижоз авансни кўчириб бериб, дачага борганида, ҳақиқий эгалар ижарадан бехабар бўлишади. Фирибгар эса дарров ғойиб бўлади.
Наркокурьерлик
Наркокурьер бўлиб ишлаш таклифи Телеграм орқали келиб тушиш мумкин. Эътиборлиси шуки, даставвал қайсидир кафеда курьер бўлиб ишлаш таклиф қилинади, сўнгра яширин жойларга наркотик моддаларни яшириб қўйиш ва тарқатиш сўралади. Қолаверса, қўлга тушмаслик ва вазиятдан чиқиб кетиш ҳам ўргатилади. Бу ишга 15 ёшдан катталар жалб қилинади.
Велосипед ишқибозлари
Велосипедларни асло кўпқаватли уйларнинг йўлакларида қолдирманг. Ҳаттоки кодли қулф билан боғлаб қўйилган велосипедларни ҳам ўғирлаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.