Фитоичимлик тайёрлаш учун майдаланган ва керакли миқдорда тортиб олинган хом ашё ёки керакли миқдордаги фильтр-пакетлар олиниб, хом ашё миқдорига мос, қопқоғи жипс беркитиладиган сирли идишга солинади ва устига хона ҳароратидаги қайнатилган сув қуйилади. Сув қайнаб чиққач, (доривор ўсимликни ер устки қисми, ўтлари, барглари, гуллари ва ҳ.к.) яна 15 дақиқа қайнатилиб, 45 дақиқа совутилади. Қайнатиш ва совутиш муддатларини қисқартириш мумкин эмас.
Илдиз ва илдизпоялар, пўстлоқлар, уруғлар ва шунга ўхшашлар 30 дақиқа қайнатилиб, сўнг 10 дақиқа совутилади. Сувли ажратмани совутиш муддати ўтгандан сўнг икки қават докадан сузилади ва сиқилади.
Агар сувли ажратма 1-3 литр миқдорида тайёрланса, унда қайнатиш вақти 10 дақиқага узайтирилади ва барглар, гуллар, доривор ўсимликни ер устки қисмлари учун 25 дақиқа, илдиз ва илдизпоя, пўстлоқ ва шу кабилар учун 40 дақиқа деб белгиланади.
Сувли ажратмаларни дамлаш усули билан ҳам тайёрлаш мумкин. Бунинг учун тегишли миқдордаги хом ашё (фильтр пакет) чинни идишга (катта чойнак) солинади ва устига керакли миқдордаги қайнаб турган сув қуйилади ҳамда маълум вақтга устини сочиқ ёки бирор бошқа нарса билан ўраган ҳолда қолдирилади. Сўнгра икки қават дока орқали сузиб, сиқиб, истеъмол учун тайёрланади. Бу усулда термосдан ҳам фойдаланиш мумкин. Термосга керакли хом ашё (фильтр-пакет) ва қайнаб турган сув қуйилиб, бир соатга қолдирилади, сўнг икки қаватли докадан сузиб сиқилади, деб ёзмоқда doridarmon.uz сайти.