2026 йилги физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти Карл Дейссерот, Петер Хегеманн ва Георг Нагелга оптогенетиканинг яратилишига олиб келган кашфиётлари учун берилади. Бу ҳақда Нобель мукофоти расмий сайтида хабар қилинди.
Ушбу усул олимларга ёруғлик ёрдамида тирик миядаги айрим нерв ҳужайраларининг фаолиятини ёқиш ва ўчириш имконини беради.
Петер Хегеманн ва Георг Нагел каналродопсинни — ҳужайраларни ёруғликка сезгир қила оладиган оқсилни кашф этишди. Олимлар бу хусусият оқсил қайси турдаги ҳужайрага жойлаштирилишидан қатъи назар сақланиб қолишини аниқлашди.
Карл Дейссерот ушбу кашфиётни асаб тизимида қўллади. У каламушларнинг нейронларига каналродопсин генини киритди ва кўк ёруғлик ёрдамида нейронларда нерв импульсини юзага келтириш мумкинлигини аниқлади. Кейинчалик олим худди шу усул орқали тирик сичқонларнинг бевосита миясидаги нейронлар фаолиятини бошқаришга муваффақ бўлди.
Ушбу кашфиётлар асосида ишлаб чиқилган усул “оптогенетика” деб номланди. У муайян нерв ҳужайраларини юқори аниқлик билан бошқариш ва уларни фаоллаштириш ёки фаолиятини сусайтириш мия ишига қандай таъсир қилишини кузатиш имконини беради, деб хабар берди lenta.ru.
Бугунги кунда оптогенетика нейробиологик тадқиқотларда кенг қўлланилмоқда.
2025 йилда физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти Мэри Э. Бранко, Фред Рамсделл ва Симон Сакагутига иммун тизимини ўз-ўзини йўқ қилишдан ҳимоя қилувчи фундаментал механизмни кашф этганликлари учун берилган эди.