Бу ҳикмат айни кунларимизга атаб ёзилгандай гўё. Фозил одамлар шаҳри соғинчи ила ёзилган ушбу битикнинг бугунимизга боғлиқ жиҳати ҳақида бир оз кейин батафсил тўхталамиз. Ҳозир мазкур сўзларни эслашимизга сабаб бўлган ва мамлакатимиз келажаги йўлидаги муҳим воқеа — давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотига тўхталсак.
Шу йилнинг 14 февраль куни видеоселектор шаклида бўлиб ўтган учрашув том маънода тарихий воқеа бўлди. Унда ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилди. Қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди. Келинг, учрашувда ўртага ташланган айрим жиҳатлари ҳақида сўз юритсак.
Ҳозир дунёнинг техник тараққиётини, жаҳондаги сиёсий вазиятни кўриб-билиб турибмиз. Уни ортиқча таърифлаш шарт эмас, назаримизда. Таъкидлаш керакки, ҳеч замонда тараққиёт ҳам, сиёсий жараёнлар ҳам ҳозиргидай глобал даражада мураккаб бўлмаган. Тан олиш керак, аксариятимиз бугунги техник тараққиётга маҳлиё бўлсак-да, келажакни тасаввур қила олганимиз йўқ. Табиий бойликлар тобора камайиб, она замин аҳолиси ошиб бормоқда.
Боз устига, кўпгина касбларни техника, хусусан, сунъий идрок эгаллай бошлади. Бу келажакда ресурслар учун жиддий кураш бўлишини, юксак интеллект эгаларигина фаровон яшашини англатади. Янада содда қилиб айтсак, бугун мактаб таълимининг ўзи билан маҳалланинг дўкондори, борингки, 10-15 бош мол боқиб рўзғор тебратаётганлар талайгина. Улар эл қатори бўлиб яшаяпти. Аммо биз айтаётган келажакда бундай бўлмайди. Масалан, ҳозир ҳам мол боқиб зўр фойда олиш учун соҳага оид китоб ўқиш, тажрибаларни ўрганиш зарур. Бу — илм дегани!
Келажакда ана шу илмий тафаккурга эҳтиёж каррасига ошиб кетади. Бу ҳақида ҳам бир оз кейин батафсил тўхталамиз. Шу маънода, ёшлар билан учрашувда таълимга устувор вазифа сифатида қаралгани бежиз эмас.
Ўзбекистонда таълимга жуда катта эътибор берилаётгани кишини қувонтиради. Оддий мисол, хусусий боғчаларга кенг йўл очилиши, имтиёз берилиши орқали қамров кескин оширилди. Ёки олий таълимда коррупцияга тўла барҳам берилиши сабаб адолат тикланди. Талабга яраша таклиф муҳити яратилди.
Масалан, илгари олий таълимда битта ўрин учун камида 10 киши курашар эди. Бунинг оқибатида турли қинғирликлар авж олган, ўқиб илм олишдан кўра, университетга кирибди, деган сўз — сохта обрў муҳим бўлиб қолганди. Замоннинг ўзи кўрсатяптики, олий таълимга қабул қилиниш эмас, билим олиш муҳим. Буни англашимиз учун қисқа вақтда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилди. Соҳага хусусий сектор кириб келди. Натижада ёшларни олий таълимга қамраб олиш 42 фоизга етди.
Яна бир муҳим жиҳат илмий даража олишдаги ислоҳотлардир. Сунъий тўсиққа учраб, йиллар давомида чанг босиб ётган илмий изланишлар ўзгаришлар сабаб иш столига қайтди. Таълимнинг юқори босқичларини давом эттирадиган ёшлар сафи кескин кўпайди. Натижа қувонарли, ўтган даврда илмий даражали ёш олимларимиз сони 2 карра ошиб, 4357 нафарга етди. Мазкур рақамнинг ўзиёқ янги Ўзбекистонда инсон капиталига тикилаётган сармоя, қаратилаётган эътибор катта самара бера бошлаганини кўрсатади. Келинг, яхшиси аниқ фактларга ўтсак.
Олтиариқлик 18 ёшли Азизбек Зайлобиддинов Гарвард университетидан 100 фоизли грант олди. Бу дегани, унинг АҚШдаги 4 йиллик ўқиш харажатлари қоплаб берилади. Оддий ўзбек ўғлонининг дунёнинг олд олийгоҳида бундай натижага эришиши замирида айнан кейинги йиллардаги ислоҳотлар ётибди, десак муболаға бўлмайди. Муҳим жиҳат шундаки, Азизбек ижтимоий лойиҳалар, айниқса, “Ibrat debate” лойиҳасида ишлаган. Билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаган. Ана шу изланишлари бугун самара берган. Ҳа, агар бундай лойиҳалар бўлмаганида Азизбек илмий салоҳияти, имкониятидан вақтида самарали фойдаланиши сўроқ остида қолган бўларди, эҳтимол.
Қувонарлиси, у каби ёшлар кўплаб топилади. Бунга давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқоти чоғида гувоҳ бўлдик. Ҳозир дунёдаги нуфузли университетларда 1,5 мингдан зиёд талабамиз таҳсил оляпти. Аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2300 ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлган.
Шу ўринда кичик мулоҳаза. Агар мана шундай имконият, шароит яратилмаганида қонида улуғ аждодлардан мерос юксак илмий тафаккур яширин бўлган шунча ёш ўз йўлини топа олармиди? Улар ўз имкониятидан тўла фойдаланиб, бугунги даражага эришармиди? Мазкур саволларнинг жавоби таълимга эътиборнинг қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Альберт Эйнштейн “Заковат ўқиш-ўрганиш эмас, унга эришиш йўлидаги ҳаракатлар мевасидир”, деган эди. Бугун эса ёшлар учун илмга эришиш йўлида бемалол ҳаракат қила олиш имконияти яратиб берилмоқда. Бундан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Чунки бу, юқорида айтганимиздек, бебаҳо бойлик, инсон капиталини юксалтиришда муҳим қадам.
Аммо яна бир ҳақиқатни унутмаслик керак. XXI аср ютуқларга маҳлиё бўлиб ўтиришни хушламайди. Зеро, бизни кутаётган келажакка муносиб тарзда ҳозирлик кўриб, муттасил равишда олға ҳаракат қилиш зарур. Шу боис, Президентимиз ёшлар таълими борасида қатор янги ташаббусларни илгари сурди.
Масалан, Олмазор туманидаги 10 та мактабда муҳандислик лабораториялари ташкил қилинди. Бугун ушбу лабораторияларда 2 минг ўқувчи робототехника ва илғор технологияларни ўрганмоқда. Барча туманлар ҳокимларига бу тажрибани ўрганиб, оммалаштириш, ўз ҳудудида 5 тадан мактабни шундай лабораториялар билан жиҳозлаш топширилди.
Бундан ташқари, 36 та техника олийгоҳи ректорлари сунъий интеллект, робототехника, дрон, киберхавфсизлик каби ихтирочилик йўналишларида “Олийгоҳ кубоги”ни эълон қиладиган бўлди. Эътиборлиси, энг яхши стартап лойиҳалар тижоратлаштирилади.
Қолаверса, келгуси ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар ўртасида муҳандислик олимпиадалари ва танловлари ўтказилади. Негаки ҳозир физика, кимё, технология, муҳандислик, математика каби STEM фанлар аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ҳозирданоқ ўқувчиларни ушбу фанларга йўналтириш, рағбатлантириш асосида пухта ўқитиш халқимиз болаларининг халқаро кескин рақобатга бардошли бўлиб ўсишига замин яратади. Мазкур учрашув ана шундай жиҳатлари сабаб ҳам тарихий воқеа дейишга тўла арзийди.
Шу ўринда кичик мулоҳаза. Юқорида келажакда илмий тафаккурга эҳтиёж каррасига ошиб кетиши ҳақида айтган эдик. Кейин ёшларни ўша рақобатга бардошли қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган айрим ўзгаришлар ҳақида тўхталдик. Хўш, шу билан масалага ечим топиладими? Яқин келажакда 40 миллионлик нуфусни забт этадиган халқимиз етарлича илмга эга бўладими?
Назаримда, ислоҳотларнинг ўзи етарли эмас. Яъни мана шу имкониятлар, ислоҳотларга мос равишда жамият ҳам ўзгариши шарт. Такрор бўлса-да айтамиз, аксариятимиз илмий рақобатга тўла келажак ҳақида ўйлаб ҳам кўрган эмасмиз. Агар ундай бўлмаганида эди, ўқитувчилар нуфузини ошириш учун уларнинг маоши каррасига кўпайишини кутиб ўтирмасдик. Боламизга дакки берган ўқитувчи ёнига мушт эмас, гул кўтариб борган бўлардик. Бир йил олий таълимга қабул қилинмаган фарзандимизни “Ундан кўра ишлаб пул топ, эрта-индин оилангни қандай боқасан”, дея хорижга ишга қувиб юбормаган бўлардик.
Тўғри, бугун қанча қийналмасин, болалари ўқишига алоҳида эътибор бераётган ота-оналар бор. Афсуски, уларнинг сафи унча катта эмас. Биз ўқиб, том маънода академик илм олишни эмас, яхшироқ жойда ишлаш, кўпроқ пул топиш ҳақида қайғурамиз. Ҳаётий ҳисоб-китобимиз ҳам шунга яраша. Шу боис, ҳамон тўйлар биз учун энг муҳим воқеа. Бор топган-тутганимизни шунга сарфлаймиз. Хўш, шундай экан, жамиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак?
Биринчи ўринда, зиёлилар илмни тарғиб этиши шарт. Энди ўқисанг яхши мутахассис бўласан, яхши яшайсан, дейишнинг ўзи кифоя эмас. Бунга қўшиб юқорида айтганимиз — рақобатга тўла келажак ҳақида кўпроқ маълумот бериш керак. Қолаверса, оилаларда илмий даражани оширишга урғу бериш зарур. Бу борада бажарилиши керак бўлган вазифага давлатимиз раҳбари яна бир бор тўхталиб ўтди ва: “Мен бир ҳаётий фикрни такрорлашдан чарчамайман: битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз. Оила билимли, маърифатли бўлса, бутун жамият билимли, маърифатли бўлади. Бу борадаги ишларни янада жадал давом эттирамиз”, деди.
Яна бир қувонарли ҳолат, хотин-қизларга контракт пули давлат томонидан қоплаб берилаётгани сабаб талаба қизлар сони 11 карра кўпайган. Энди қизлар таълими янада кенг қулоч очиши, қизларимиз — миллатнинг бўлажак оналари сунъий интеллектдан ҳам билимдонроқ бўлиши керак.
Қизлар таълими борасида ҳам жамиятимизда қотиб қолган қараш бор. Эртага барибир бу соҳада ишламасанг, ўқиб нима қиласан, деймиз. Ана шу важ билан уларнинг ўқишига ё умуман рухсат берилмайди ёки ўзларига ёқмайдиган, лекин ишлаши мумкин бўлган саноқли касбларга йўналтирилади. Мажбурий танлов сабаб уларнинг илмий салоҳияти тўла очилмай қолиб кетиш эҳтимоли юқори. Чунки бутунлай бошқа фан ёки жабҳада истеъдоди бўлгани сабаб бу соҳага умуман қизиқмайди.
Бугун қизларни ўқитишда эътибор қиладиган жиҳатларимиздан энг муҳими касб танлови эркинлигини тўла беришдир. Зеро, юқорида бўлажак оналар сунъий интеллектдан ҳам билимдонроқ бўлиши керак, дедик. Бу муболаға гап эмас. Ҳаётий эҳтиёж, қизлар таълимининг нечоғлиқ муҳим эканига ишора.
Келинг, соддароқ тушунтирамиз. Ҳозир дунёда жуда ғалати тенденция кузатилмоқда. Яъни биз билмаган нарсаларимизни ота-онамиздан сўрардик. Улар бунинг жавобини билмаса ҳам ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб жавоб берарди. Ёки китоб варақларди. Ҳозир оилавий ўтирганимизда баҳсли савол туғилиб қолса, ҳали мактабга чиқмаган боламиз: “Интернетдан қараб кўринг”, дейди. Чунки болаларимиз ҳам ўзимиз каби ҳамма саволларнинг жавоби интернетда деб ўйлайди.
Тўғри, тармоқларнинг имконияти кенг. Айниқса, сунъий идрок исталган саволга жавоб беради. Аммо у тақдим этаётган жавоблар доим ҳам тўғри бўлмайди. Демоқчимизки, сунъий идрокка қарам бўлиб қолмаслик, уни бошқара олиш учун ҳам оналар билимдон бўлиши керак. Зеро, онанинг илмий тафаккури кўпроқ болада акс этади.
Қолаверса, гўдакнинг илк кўникмалари шаклланаётганда у онаси билан кўпроқ вақт ўтказади. Шу боис, Учинчи Ренессансни барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистонда бутун жамиятни илмли, маърифатли қилишга катта эътибор берилмоқда. Бунинг учун биз, аввало, китобхон авлодни шакллантиришимиз керак.
Республика матбуотидаги илк катта чиқишим китобхонлик, аниқроғи, ёшларнинг китоб ўқимаслиги тўғрисидаги мақолага акс садо эди. Бу ҳув ўша, 25 йил олдинги гурунг. Буни эслаганим боиси, ўша пайтда матбуотни кузатиб борардим. Унда доим китоб ўқимаётган ёшлар ҳақида чиқишлар кузатиларди. Мақолам ҳам ўша чиқишлардан бири сифатида ўтиб кетган. Шунча мақолалар эълон қилинса-да, масала журналистлар, зиёлилар томонидан кўндаланг қўйилса ҳам китобхонлик борасида бирор жиддий иш қилинганини эслай олмайман. Ёдимда қолгани, ўша вақтда собиқ колхозга қарашли ва маҳалламиздаги каттагина кутубхоналар бизга номаълум сабабларга кўра кўчириб кетилганди.
Қизиғи, иккала кутубхона ҳам биздан 20 километр олисдаги коллеж биносидан жой олди. Ачинарлиси, кўчириш жараёнида қанчадан қанча китоблар йўқолди, яна бир талайи маҳаллий “мафкура” чиғириғидан ўта олмади. Буни ўшанда ҳаваскор журналист, ўша кутубхоналар аъзоси сифатида юрагим ачишиб, жим кузатганман.
Яна бир ҳаётий воқеа. Айнан ўша йилларда маҳалладошимиз Қулмуҳаммад ака бозорда газета-журнал сотарди. Бир сафар борсам, қатор қилиб янги китобларни тахлаб қўйибди. Китобнинг нархи фалон сўм. Агар сотиб олишга қийналсанг, ижарага ол, деди.
Ҳа, ўша пайтда маҳалладошим китобни арзимас пулга ижарага беришни йўлга қўйган эди. Қизиғи, ижарадаги китобларни олиш учун навбат кутардик. Демоқчиманки, халқимиз ҳеч қачон китобдан бутунлай узоқлашмаган. Ҳатто биз оммавий равишда ёшларни китоб ўқимасликда айблаган бўлсак ҳам! Шунчаки, китоб ўқишга имконият, шароит етарли бўлмаган. Бор имкониятлар ҳам кутубхоналарни марказлаштириш баҳона мутолаадан пулни иқтисод қилишга қаратилган ишлар сабаб йўққа чиқарилди. Сира ёдимдан чиқмайди, хасга ёпишган одамдай қўлимдан маҳкам тутиб олган бир зиёли акамиз газетага ёзинг, кутубхонамизни сақлаб қолайлик, деган эди.
Ҳозир китоб ўқигани учун машина берилишига ҳам кўникиб бўлдик. “Китобсевар миллат” ғояси асосида ёшларда мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Қувонарлиси, анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловидаги иштирокчилар сони 6 карра ошиб, 3 миллион нафарга етган. Машина ютиб олиш рағбати ёшларни китоб билан муттасил машғул бўлиш, ўқиганларини равон тилда баён этиш кўникмасини ўзлаштиришга сабаб бўлди. Яъни биргина танлов сабаб дунёқараши кенг, фикрини равон ифода эта оладиган ёшлар сафи кенгайди.
Юқорида китобни ижарага берадиган маҳалладошим мисолида мутолаага имкон яратиш ҳақида айтдик. Ҳозир нафақат янги китобларни чоп этиш, уларни мактаблар, маҳаллаларга текин етказиб бериш, балки ёшларга уни ўқиб бериш ҳам оммалашмоқда.
Бир гуруҳ фаол ёшлар томонидан яратилган “Мутолаа” лойиҳаси ишга тушди. Махсус иловадаги китобларни гаджетлар орқали ўқиш ҳам, тинглаш ҳам мумкин. Бунинг учун профессионал овоз усталари, актёрлар кўмагида китоблар овозлаштирилган. Унинг қулайликлари жуда яхши. Йўл-йўлакай ҳам китобни тинглаб кетаверасиз. Кейинги сафар илова адашмасдан китобни келган жойидан қўйиб беради. Мана шундай имкониятлар сабаб мазкур илова орқали 1 миллиондан ортиқ ёш китобхонлар қаторига кирди.
Бир вақтлар сотиб ололмаган китобимизни ижарага олганимиздай, ҳозир ёшлар топа олмаган китобларини мазкур лойиҳа сабаб бепул ўқияпти. Масалан, лойиҳанинг синов даврида энг кўп фойдаланган юртдошимиз аниқланиб, ундан фикр сўралган эди. Ўшанда у қизи танловга қатнашиши учун ҳамма китобни топа олмаганини, “Мутолаа” иловаси эса уларга яхши кўмакчи бўлганини айтган.
Биз юқорида бот-бот айтганимиз — истеъдодлар ўзини тўла кўрсата олиши учун, аввало, имконият бўлиши керак. Кейин жамиятдан ўзгаришни кутсак арзийди. Яъни кечаги ўзгаришлар бугун китобхон, маърифатли жамиятга тамал тоши бўлмоқда. Бугунги саъй-ҳаракатлар эса сунъий идрокка ҳам дарс берадиган, устозини бошида кўтариб, тўй каби турли тадбирларни камхарж ўтказиш тарафдори бўлган жамият шаклланишига ишонч уйғотади.
Гап ишонч ҳақида кетар экан, яна бир қувончли ҳолатни эслаб ўтмоқчиман. Яқинда ижтимоий тармоқларда мудофаа вазири маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров бир қизиқ маълумот улашди. Яъни Ўзбекистон Қуролли Кучлар академиясига қисқа муддатли амалиёт ўташ учун келган Франция армияси кичик лейтенанти Франсуа-Андре мамлакатимиз ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, хусусан, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик тизими билан яқиндан танишиш мақсадида Юнусобод туманидаги мактаблардан бирига борган. У мактабда ЧҚБТ фани ўқув хонаси, яратилган шароитлар, амалий дарс жараёнлари билан танишган. “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоларининг ҳарбий спорт машғулотларини кузатган ва исталган ўқувчини ўзи билан беллашишга таклиф этган.
Шунда мактабнинг 11-синф ўқувчиси, “Ватан таянчи” ҳаракати аъзоси Улуғбек Отабеков француз офицерининг таклифини қабул қилган. Улар автоматни сочиш-йиғиш ва армрестлинг бўйича ўзаро куч синашган. Эътиборлиси, Улуғбек франциялик офицерни ҳар икки беллашувда ҳам мағлуб этган. Лекин Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси курсантига ютқазган.
Шу фактнинг ўзиёқ бошланган ислоҳотлар, имкониятлар бераётган самарасидир. Энди барча жабҳада тараққиётнинг янги босқичига ўтиш бошланди. Хусусан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ҳам. Давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқотида бу борадаги вазифаларни айтиб ўтди. Яъни ёшларимизда ватанпарварлик руҳини кучайтириш бўйича 10-11-синф ўқувчилари ўртасида бошланган “Ватан таянчи” ҳаракати касб-ҳунар мактаби, техникум ва хусусий таълим ташкилотларида ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Қолаверса, “Ватан таянчи” отрядлари ўртасида “мактаб — туман — вилоят — республика” даражасида спорт мусобақалари ва ижодий танловлар ташкил этиладиган бўлди.
Юқорида дунёнинг ҳозирги ҳолатини айтдик. Умуман, барча замонларда мамлакат тараққиёти фақат унинг илмий салоҳияти, иқтисодий барқарорлигига боғлиқ бўлиб қолмаган. Балки ўша иқтисодий тўқлик сабаб илиги бут, тафаккури кенг, салоҳиятли ватан посбонлари камол топиши муҳим бўлган. Зеро, юрт сарҳадини асраш доим долзарб вазифадир.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида уларнинг бандлигини таъминлаш орқали ҳаётдан рози қилиш, илмий салоҳиятини юзага чиқаришдан тортиб, ўзлигини таниш, улуғ аждодларга муносиб авлод бўлиб камол топтиришгача бўлган комплекс масалалар қамраб олинди. Мутасаддиларга мазкур масалалар ечимига қаратилган вазифалар берилди. Буларнинг ҳар бирини битта мақоладаги фикрлар билан ифодалаб бериш мушкул. Аммо бир гапни таъкидлаш керак, Президентимиз: “Бугунги кунда Ватанимиз ўз тараққиётининг янги бир тарихий босқичига қадам қўймоқда. Бу даврда олдимизда илгари дуч келмаган мураккаб вазифалар, ғов ва тўсиқлар пайдо бўлиши табиий, албатта. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, биз олдимизга қўйган улкан мақсадларга албатта етамиз”, деди.
Сўнг ёшларга мурожаат қилиб, юртимизни Учинчи Ренессанс диёрига айлантиришда олдинги сафларда бўлишига ишонч билдирилди. Умид қиламизки, бу ишонч ўзини оқлайди. Бугун хориждаги энг яхши олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва уларга ҳавас қилиб ўша баланд марраларни кўзлаётган йигит-қизлар вақти келиб, шу юрт, ота маконимизнинг фидойи фарзандлари бўлади.
Энди мақоламиз аввалидаги фикрга қайтиб, ўша ҳикматни эсласак: “Фозиллар шаҳри, унинг аҳолиси, уларнинг диллари эришадиган бахт-саодат нима эканлигини билишлари зарур”.
Биз Учинчи Ренессанс тимсолида фозил одамлар диёрини бунёд этмоқчимиз. Агар биз фозил одамлар шаҳрида яшаш саодатини ҳис эта олсак, унга эришиш учун қалбимизда ниҳоятда кучли интилиш туғилади. Ҳозирги қадамларимизни ўша баланд маррага мослаб ташлаймиз. Бундай қадам ташлаш эса юқорида такрорлаганимиз — келажакни тасаввур қилиб, унга тайёр туришга, бу йўлда ягона халқ, битта ватан бўлиб олға интилишга ундайди. Назаримда, давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан учрашувидан кўзланган энг катта мақсадлардан бири ҳам дилларимиз эришадиган бахт-саодат нима эканини англатишга қаратилган.
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири