Тақдимотда давлатимиз раҳбари яқин йилларда фойдаланишга топшириладиган мазкур лойиҳаларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларини берди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатилла Бекенов yuz.uz сайти мухбирига юртимиз туризмини ривожлантиришга қаратилган мазкур лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ўз фикр-муносабатларини билдирди.

— Франция ҳукумати томонидан юртимизда тоғ-чанғи инфратузилмасини ривожлантириш бўйича имтиёзли ва узоқ муддатли кредит ажратилган. Мазкур маблағларни ўзлаштириш юзасидан алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра, Билдирсой, Чимён, Нанай ҳудудларида туристик инфратузилма яратилади. Шунингдек, унинг атрофида тижорат инфратузилмаси ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, мазкур асосида хусусий инвесторларни жалб қилиш ҳам кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, 2021-2022 йилнинг қиш мавсумида Чимёнда қўшимча инфратузилма яратилади. Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, бу инфратузилмалар фақат қиш мавсуми учун эмас, балки, туристларнинг йил давомида келиб дам олишини кўзда тутади.