Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Энергетика ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида шу йилнинг 6 июн куни “Энергия иқлими” давлат мақсадли кредитини жалб қили бўйича англашув меморандум имзоланган эди.

Кеча “Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Франция тараққиёт агентлигининг 150 миллион евро миқдоридаги кредитини жалб қилиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (465-сон, 06.08.2020 йил) қабул қилинди.

Унга кўра, Франция тараққиёт агентлигининг 150 миллион евро миқдоридаги кредитини 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 20 йил муддатда қайтариш шарти билан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун жалб қилиш белгиланган.

Ушбу олинадиган кредит ҳисобидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятига лойиҳани молиялаштиришга 150 миллион евро эквиваленти миқдоридаги маблағ АҚШ долларида, ўн беш йил муддатга уч йиллик имтиёз даври билан олти ойлик ЛИБОР+1,25 тўлаш шарти билан кредит ажратилади.

Кредитнинг асосий қисмини сўндириш, шунингдек улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловлар тўлаш билан боғлиқ ҳаражатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.