Элчи Ўзбекистонда туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди. Шунингдек, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш, саёҳатлар хавфсизлигини ошириш чора-тадбирлари ва хизматларни диверсификация қилиш борасида батафсил маълумот тақдим этилди.

А.Бушез Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли соҳалари, бутун жамият ҳаётидаги ўзгаришларнинг «кўлами» ва ривожланиш суръатларидан ҳайратда эканлигини таъкидлади.

Томонлар қўшма лойиҳалар ва «Белдерсой-Чимён-Нанай» халқаро бутунмавсумий курорт лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари, жумладан, унинг бугунги ҳолати билан боғлиқ қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратишди.

2022 йил куз мавсумида Париждаги Лувр музейида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида «Марказий Осиё улуғворлиги. Ўзбекистон карвон йўлларида» мавзусига бағишланган икки мамлакат маданий ҳаётида ёрқин воқеага айланадиган кўргазмани ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, эпидемиологик вазият юмшатилиши билан таълим лойиҳаларини кенгайтириш, жумладан, дарсликлар ва ўқитувчиларни жалб этиш, талабалар алмашинуви ва қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.