Хусусан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияга мазкур ҳолатлар юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Биргина 2021 йил давомида федерацияга келиб тушган мурожаатларнинг 14,4 фоизи, яъни 1637 таси газ соҳасига боғлиқ бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 93 фоиз ижобий ҳал этилишига эришилган.
Шунга ўхшаш мурожаатлардан бири Қарши шаҳрида яшовчи М.Кархаловдан келган. Қайд этилишича, истеъмолчи табиий газ учун пулни ўз вақтида тўлаган бўлса-да, 2015 йилдан шу кунга қадар кечиктирилган тўловлар учун жами 8 миллион 229 минг сўм қарздорлик ва кечиктирилган қарздорлик учун 802 минг 214 сўм пеня ҳисобланган. Ҳақиқат қарор топгунича истеъмолчининг мурожаат қилмаган идораси, тақиллатмаган эшиги қолмаган.
Охири мазкур мурожаат федерациянинг Қарши шаҳар жамияти ходимлари томонидан ўрганилиши натижасида истеъмолчининг хонадонига ноқонуний равишда 8 миллион 229 минг сўм қарздорлик ва кечиктирилган қарздорлик учун 802 минг 214 сўм пеня ҳисоблангани аниқланди. Мазкур қарздорликни бекор қилиш ва истеъмолчининг ҳуқуқларини тиклаш учун Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Суд хулосасига кўра, истеъмолчи хонадонига ҳисобланган ноқонуний қарздорлик бекор қилинди. Шунингдек “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали ҳисобидан истеъмолчининг фойдасига 500 минг сўм маънавий зарар ундирилишига эришилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.