Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги ҳудудий вакили номига Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Р. янги уй-жой сотиб олиш бўйича тузилган шартнома шартлари 2 йилдан бери бажарилмагани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатчининг ёзишича, 2020 йил 31 январь куни Урганч туманида фаолият юритувчи “F E” МЧЖ шаклидаги қурилиш корхонаси билан кўп қаватли тураржойдан уй сотиб олиш бўйича шартнома тузилган. Шартномага асосан тўланиши лозим бўлган сумма тасдиқланган жадвал асосида тўланган. 2020 йилнинг 31 декабрига қадар эгасига топширилиши керак бўлган уй орадан 2 йил ўтса ҳам қуриб битказилмаган.

Фуқаро Х.Р. қурилиш корхонасидан пулларини қайтариб олиш бўйича бир нечта тегишли давлат ташкилотларига мурожаат қилган бўлса-да, бундан ижобий натижа бўлмаганини билдириб, ушбу масалани ижобий ҳал қилишда ёрдам сўради.

Мазкур мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳудудий вакил томонидан ўрганиб чиқилганда аризада келтирилган важлар ўз тасдиғини топди.

Шунингдек, ариза муаллифининг шахси ўрганилганда унинг ҳақиқатан ҳам ҳозир ўзига тегишли бўлган яшаш жойи мавжуд эмаслиги, оиласи билан ижарада туриши, оиласининг аҳволи моддий жиҳатдан яхши эмаслиги маълум бўлди.

Шундан сўнг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига фуқаро Х.Р. манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилди.

Суд фуқаро манфаатида киритилган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантириб, жавобгардан фуқаро Х.Р. фойдасига шартнома бўйича тўланган маблағ ҳамда шартнома шартлари вақтида бажарилмагани учун ҳисобланган пеня суммасини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарор чиқарди.

Ҳал қилув қарорида кўрсатилган сумма фуқаро Х.Р.га тўлиқ ундириб берилди.