Унда фуқаролар йиғини раисининг тўртта ўринбосари лавозимлари, шунингдек, фуқаролар йиғинининг олтита комиссияси ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси тугатилиб, эндиликда, фуқаролар йиғини раисининг учта ўринбосари, иккита маслаҳатчиси ва битта мутахассис лавозимлари киритилгани ҳамда фуқаролар йиғинининг иккита янги комиссияси ташкил этилгани белгиланди.
Шунингдек, қарор билан фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлгини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра, рейтинг баҳолаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ҳар ярим йиллик якун бўйича “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ўтказилади. Рейтинг баҳолаш 100 баллик рейтинг тизими асосида амалга оширилади ва “намунали”, “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” фуқаролар йиғинлари аниқланади. “Намунали” деб топилган фуқаролар йиғинларининг ходимлари жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахслар моддий рағбатлантирилади. Уларнинг ижобий иш тажрибаси бошқа фуқаролар йиғинлари ўртасида оммалаштирилади. Йил якуни натижалари бўйича уларга республика ҳудудидаги санаторийлардан бирида соғлиғини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма бериш амалиёти сақлаб қолинади.
Фаолияти “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб топилган фуқаролар йиғинларининг фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳар уч ой муддатга мўлжалланган ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади ва у туман (шаҳар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан тавдиқланади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги “22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни” байрами арафасида тавсия этилган 14 та фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида фаолият юритаётган шахсларни фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлайди.
Профилактика инспекторлари (катта инспекторлар)нинг жиноятчиликни олдини олишдаги фаолиятини баҳолаш эса ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.