Президент бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш борасида мутлақо янги тизим шаклланмоқда.
Энг аввало, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилгани халқаро майдонда юксак эътироф этилди. Хусусан, 2022 йил 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан қўлланиб келинган глобал бойкот бекор қилинганини эълон қилди. Бу қарор Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг халқаро тан олинганини яққол тасдиқлади.
Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлиги ҳам сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Мамлакатимиз тарихида илк бор ХМТ Маъмурий кенгашига аъзо этиб сайланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон томонидан ХМТнинг жами 25 та конвенцияси ва 1 та баённомаси ратификация қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти меҳнат соҳасидаги фундаментал ва устувор халқаро стандартларни қамраб олади.
Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида миллий қонунчиликни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган 3 та Ҳукумат қарори ва 1 та Ҳукумат дастури қабул қилиниб, 114 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 июлдаги “Меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори иш жойларида хавфсиз меҳнат муҳитини яратишда муҳим ҳуқуқий асос бўлди. Шунингдек, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотларига кўра амалдаги қонунчилик ижросини таъминлашда Давлат меҳнат инспекциясининг роли кескин ошди. Жорий йилнинг январ–ноябрь ойларида корхона ва ташкилотларда меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан 17 мингдан ортиқ назорат тадбирлари ўтказилиб, 41 мингга яқин қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилди. Натижада 13 минг нафар фуқарога 159 миллиард сўм миқдорида тўланмаган иш ҳақи ундириб берилди. Бу рақамлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат назоратининг реал самарасини кўрсатади.
Норасмий бандликка қарши кураш ҳам ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Давлат меҳнат инспекцияси ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда 17 мингдан зиёд корхонани хатловдан ўтказиб, 80 мингга яқин иш ўрнини расмийлаштирди. Айниқса, қурилиш соҳасида норасмий меҳнатга чек қўйиш борасида аниқ натижаларга эришилди. Бу жараён нафақат фуқароларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлади, балки давлат бюджети тушумларининг ошишига ҳам хизмат қилди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунбузилишлар таҳлили шуни кўрсатадики, ходимларни ўқитиш, махсус кийим-бош ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш, тиббий кўрикларни ташкил этиш масалаларига эътибор кучайтирилди. Аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди ва ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни камайтиришга қаратилган профилактик ишлар ҳам кенг йўлга қўйилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва меҳнат маданиятини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари орқали, корхоналар, таълим муассасалари ва маҳаллаларда минглаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу тадбирлар фуқароларнинг ўз меҳнат ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қила олишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Давлат меҳнат инспекцияси фаолиятини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, текширувларни шаффоф ва адолатли ўтказиш механизми жорий этилди. “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими, “Мустақил текшириш портали” ва электрон назорат воситалари иш берувчилар учун ҳам, ходимлар учун ҳам қонуний ва қулай муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимли, изчил ва натижага йўналтирилган характерга эга. Бу ислоҳотлар нафақат халқаро стандартларга мос меҳнат муносабатларини шакллантирмоқда, балки ҳар бир инсон учун муносиб меҳнат ва адолатли ижтимоий муҳитни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шерзод Жўраев,
ТДЮУ доценти