Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида юртимизнинг барқарор тараққий этишида соҳа ва йўналишлар олдида турган ўта муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш лозимлиги, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланган.
Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамаот фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди. Йиғилишда таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, коммунал хўжалиги ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги давлат ижтимоий буюртмаси ва жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлашга, уларни ҳал этишга қаратилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича эълон қилинган давлат грантлари танловларининг натижалари кўриб чиқилди.
Давлат ижтимоий буюртмаси доирасида таълим, маданият, тиббиёт, экология, кадастр, қурилиш, коммунал хўжалиги, бандлик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда қўллаб-қувватланган 21 лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ногирон болаларга инклюзив таълим тизими жорий қилинади. 35 000 нафар мактаб ўқувчиларининг одам савдосининг салбий оқибатлари ҳақидаги хабардорлиги оширилади. 1000 нафар тарбияси оғир ёшлар турли тадбирларга жалб қилинади. 10 000 нафардан ортиқ талабалар тизимли маънавий-маърифий тадбирлар билан қамраб олинади. Олий таълим муассасаларида имконияти чекланган талабаларга “Тўсиқсиз муҳит” дастури шакллантирилади. Янги замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда “Дуал таълим дастури” ва “WorldSkills” халқаро стандарти асосида 15 000 нафар ишсиз ёшлар 22 та касбга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланади.
Мамлакатимизда туризм соҳасида талабаларнинг стартап лойиҳалари асосида 100 та янги иш ўрни яратилиб, экотуризмнинг 15 та янги маршрутлари ташкил этилади. Имконияти чекланган фуқаролар учун “Тўсиқсиз туризм” электрон харитаси ва веб-сайти ишга туширилади. Қурилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида аҳоли учун “Огоҳ фуқаро” он-лайн маслаҳат тизими яратилади. Наманган вилоятида 6 044 нафар фуқаро яшайдиган 2 та маҳаллани тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.
Шунингдек, 4,8 миллиард сўмлик 120 та давлат гранти лойиҳалари доирасида фуқарорлик жамияти институтлари маҳаллий давлат бошқаруви органлари билан ижтимоий шерикликда қатор вазифаларни амалга оширади. Жумладан, маҳаллаларда юритилаётган дафтарларга киритилган 3 600 дан ортиқ вақтинча ишсиз бўлган ёшлар, аёллар, ногирон шахсларга бизнес режа тузиш ва юритиш соҳасида “маҳорат дарси”, бизнес маслаҳат, “давра суҳбати” ўтказилади. Ҳудудларда 2000 та якка тартибдаги ва 17 та оилавий тадбиркорлик субъекти, 4 та янги ижтимоий корхона ташкил этилиб, ногиронлар аравачаси ва бошқа асбоб ускуналар, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ҳамда аҳолига турли маиший хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Оғир ижтимоий аҳволга тушган, тиббий ёрдамга муҳтож 2 070 нафар хотин-қизларга психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилади.
Ёшлар “Беш ташаббус” доирасида индивидуал суҳбатларга, адабиёт
ва санъат вакиллари билан учрашувларга, “Ёш ижодкор” клубларига, касб-ҳунар курсларига, спорт тўгаракларига ва бошқа турли маънавий-маърифий, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига жалб қилинади.
Парламент комиссияси томонидан “Ёшларни маънавий етук қилиб тарбиялашда ҳамда бандлигини таъминлашда ижтимоий шерикликни кучайтириш” ва “Жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” мавзуида давлат грантлари ажратиш учун учинчи
ва тўртинчи танловлари эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларининг маънавий-маърифий ва тарғибот–ташвиқот лойиҳаларини қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча бешинчи давлат гранти танловини эълон қилиш бўйича Парламент комиссиясининг қарори қабул қилинди. Танловлар жорий йилнинг 25 августдан - 28 сентябргача эълон қилинди.
Ҳудудларда Парламент комиссиялари аъзолари, Олий Мажлис хузуридаги жамаот фонди, Адлия вазирлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,“Тараққиёт стратегияси” маркази, ЎзННТМА томонидан учрашувлар, семинарлар ва “давра суҳбат”лари, сайёр қабулларни ўтказиш белгиланди. Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсидаги янги ғоя ва ташаббусларидан келиб чиқадиган фуқаролик жамияти институтларининг долзарб вазифалари муҳокама қилинади ҳамда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати, ННТ билан самарали ишлашни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилади.