Давлатимиз раҳбари унда мамлакатимизда демократик янгиланишларни янада чуқурлаштиришнинг янги сиёсий курси бошланганини таъкидлади. Шу билан бирга, концептуал, стратегик ва халқаро аҳамиятга эга бўлган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари ­сурилди. Инчунин, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш масаласига алоҳида урғу берилди.

Бу Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини институционал қўллаб-қувватлаш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни  янги босқичга кўтариш билан бевосита боғлиқ масалалардир. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шериклик самарадорлигини таъминлаш асосий вазифалар сифатида белгиланган.

Президентимизнинг 2019 йил 4 октябрда қабул қилган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгаришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти учун кенг имконият яратди. Бугунги кунда республикамизда 10 минг 500 га яқин нодавлат нотижорат ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига доир 200 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Сўнгги икки йилда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, ННТ лар E-ngo.uz сайти орқали адлия органлари билан боғлиқ барча хизмат ва алоқаларни электрон шаклда амалга ошириш имконига эга бўлди.

Ҳудудларда ННТ лар учун Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйлари ташкил этилди. Улар жой учун ижара ҳақи тўламайди. ННТ ларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари 2 баробарга қисқартирилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида давлатимиз раҳбарининг нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида кодекс қабул қилиш юзасидан билдирган фикри ­эътиборга молик. Бу, ўз навбатида,  янги Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида умум­эътироф этилган тамойил ва меъёрларга қатъий амал қилаётганидан далолат беради.

Миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш мамлакатимизнинг халқаро имижи  ҳамда “миллий бренд”ини мустаҳкамлайди. Ҳуқуқий демократик давлатнинг стратегик вазифаси — инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланишни таъминлашдир.

Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари муҳим ўрин тутади.

Усмонжон Бўтаев,

 “Истиқбол” тадқиқот маркази ННТ раҳбари