Хоразм вилояти ИИБ ходимлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилди. Унга кўра, Янгиариқ туманида яшовчи фуқаро О.Ж. ўзганинг ишончига кириш орқали пулларни ўзлаштириб олгани маълум бўлди.
О.Ж. 2022 йил 19 январь куни унга нотаниш бўлган Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи Й.М. билан телеграм мессенжеридаги гуруҳда танишган. Ўзининг “Samsung A12” русумли телефон аппаратини 1.570.000 сўмга сотишга келишиб, Й.М.дан 270.000 сўм миқдоридаги пулларни алдов йўли билан аванс тариқасида банк картасига ташлатиб олган.
Эртаси куни телефон юбориш учун 300.000 сўм ҳамда яна 1.000.000 сўм пулларни ўзига олиб, ваъда қилинган телефонни жўнатмасдан фирибгарлик жиноятини содир этган.
О.Ж.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
"Ҳурматли фуқаролар, нотаниш инсонлардан товар ва нарсаларни харид қилганда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингизни, жиноятдан жабрланиб қолмасликларингизни сўраймиз", дейилади хабарда.