Лойиҳа республика бўйича 10 та йўналишда 1000 дан ортиқ IT-мутахассисларини тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш ёки ўз-ўзини иш билан таъминлашига (фрилансинг) ёрдам беради.
Лойиҳа ахборот технологиялари соҳасида кадрларни тайёрлашда профессионал тизимни такомиллаштириш, меҳнат бозорида малакали IT-мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш, шунингдек, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш ва аҳолининг кундалик ҳаётига рақамли технологияларни кенг жорий этишни таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов ва Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси директори (IT-Park) Фарҳод Ибрагимов иштирок этди.
Лойиҳанинг очилиш маросимида бўлажак IT-мутахассислари учун танланган таълим йўналишлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Улар веб-дастурлаш, мобил иловаларни ишлаб чиқиш, IT-хавфсизлик ва тармоқ технологиялари, маълумотлар билан ишлаш, мобил ўйинларни ишлаб чиқиш, мобил робототехника, график дизайн, 3Д моделлаштириш, инглиз тили ва IT -менежмент йўналишларидан иборат.
Бундан ташқари, маросим иштирокчилари мамлакат бўйлаб ўқиш ташкил этиладиган барча жойлар, рўйхатдан ўтиш усули, танлов мезонлари ва тўлов механизмлари, шу жумладан ишсиз ва иш қидираётган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилаларда яшавчи шахсларга ўқиш учун бериладиган имтиёзли квоталар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Лойиҳа тақдимотида алоҳида эътибор 9 ойлик ўқиш ва амалиётни якунлагандан сўнг бандлик ва ўз-ўзини иш билан таъминлаш (Фринлансинг) истиқболларига қаратилди.
Маросим якунида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва IT-Park ўртасида Меморандум имзоланди ҳамда иштирокчилар лойиҳа бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.