Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбир «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ҳамда унинг таркибидаги «Шон-шараф» давлат музейи ҳамкорлигида ўтказилди.
Телекўприкда қатнашган барча давлатлар иккинчи жаҳон уруши даврида содир бўлган мудҳиш жараёнлар, шунингдек, фронт ва фронт ортидаги фидоий инсонларнинг кўрсатган жасорати ва матонати ҳақида фикр алмашдилар.
Маълумки, урушда 2 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар тинчлик учун жанг олиб борган. 538 минг ватандошимиз ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган. Ўша машъум уруш йилларида бутун Ўзбекистон, айниқса Тошкент меҳр қучоғига айланган эдики, биргина 200 минг етим боланинг болалар уйига эмас, хонадонлар бағрига жойланиши бу фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
Тадбир сўнгида барча давлат вакиллари бир вақтнинг ўзида тинчликни асраш йўлида жасорат кўрсатган мард ва жасур инсонлар шарафига ўрнатилган ёдгорликлар олдида эҳтиром рамзи сифатида сукут сақлаб, монумент пойига гулчамбарлар қўйишди.
Шунингдек, Ўзбекистондан иштирок этган вакилларимиз «Шон шараф» давлат музейи биносининг юқори қисмидан ўрин олган генерал Собир Раҳимов ва Ўзбекистоннинг барча мард ва жасур ўғил ва қизлари шарафига ўрнатилган «Мангу жасорат» ёдгорлигига ҳурмат бажо келтирди.