Хусусан, 2022 йилнинг 4 июль ҳолатига кўра, 921,5 минг гектар майдондаги ғалла ўриб олинган бўлса, шунинг  853 минг гектари сомондан тозаланди. Ушбу майдонларнинг 616,5 минг гектарига такрорий экинлар жойлаштирилди. Хусусан, 70,4 минг гектар сабзавот, 29,9 минг гектар полиз, 2,6 минг гектар картошка, 27,4 минг гектар мойли экинлар, 219,5 минг гектар дуккакли дон экинлари, 14,7 минг гектар дон учун макка, 59,8 минг гектар шоли, 156,3 минг гектар озуқа экинлар, 30,1 минг гектар тариқ ҳамда 5,7 минг гектар супурги экилди.

Ҳосили йиғиб олинган ерлар асосан, 4 тоифа хўжаликларига ажратиб берилмоқда. Жами 820,8 минг гектар такрорий экин экиладиган майдонларнинг 167,1 минг гектари фермер хўжалиги аъзоларига (494,9 минг нафар), 76,4 минг гектари оталиққа олинган ишсиз аҳолига (169,5 минг нафар) ва 15,3 минг гектари эса ўтказилган танловда юта олмаган  ишсиз фуқароларга ҳамда 298,5 минг гектари кластер ва фермер хўжаликларининг ўз эҳтиёжлари учун экин экилишига мўлжалланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатимизда 539,0 минг нафар фермер хўжалиги аъзолари томонидан 185 минг гектар, оталиққа олинган 196,9 минг нафар фуқаролар томонидан 85,8 минг гектар ва танловда қатнашиб, ер ютиб ололмаган 55,0 минг нафар фуқаролар томонидан 18,6 минг гектар ҳамда 326,4 минг гектар майдонларга кластер ва фермер  хўжаликлари томонидан такрорий экинлар экилди.

Айни пайтда ёз фасли бўлганлиги боис, республикамизда такрорий экинларни экиш ҳаво ҳароратининг максимал даражада ошган кезларига тўғри келмоқда. Бу эса, уруғларнинг униб чиқиши учун тегишли намлик заҳирасини тўплаш заруриятини туғдиради.

Шунинг учун такрорий экин сифатида дуккакли дон, мойли ва ем-хашак экинлари уруғларини экиш талаб қилинади. Бунда уруғларни элакларда элаб, тозалаб, бир хиллигини таъминлаган ҳолда экиш уларни бир текисда, сифатли униб чиқишини кафолатлайди.

Ғалла ўримидан кейин ер майдонларига такрорий экин экиш тупроқдаги озуқа моддалар миқдорининг ўсимликлар томонидан қайтарилишига ва унинг унумдорлигини сақланишига, экилаётган ва ундан кейин экиладиган экинларнинг ҳосилдорлигини ошишига замин яратади.