Бундай нуфузли мусобақада 24 йиллик танаффусдан кейин яна иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичининг учта ўйинида ҳам мағлубиятга учраган эди. Шу сабабли энди гандболчи қизларимиз 25-32-ўринлар учун кураш олиб боришмоқда.
Кеча тунда терма жамоамиз 25-32-ўринлар учун кечаётган гуруҳ босқичининг илк учрашувида Эрон терма жамоасига қарши паркетга тушди. Қизғин ва муросасиз курашлар остида кечган баҳсда ҳамюртларимиз 37-32 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керак, бу қизларимизнинг жаҳон чемпионатларидаги тарихий ғалабаси сифатида қайд этилди. Мазкур ўйинда терма жамомиз аъзоси Мадина Худойқулова 11та тўп киритиб, ҳамюртларимиз ғалабасига муносиб улуш қўшди. Ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйинда Африка қитъаси вакиллари – Ангола ва Камерун терма жамоалари тўқнаш келишди ва унда анголалик қизлар 35-24 ҳисобида ғалабага эришди.
Энди қизларимиз эртага, 11 декабрь куни тўплар нисбатига кўра гуруҳда аутсайдер бўлиб турган Камерун терма жамоаси билан куч синашади.