Маълумки, миллий маънавиятимизни юксалтириш мақсадида кутубхоналар фондида мавжуд бўлган китоб ва ўқув адабиётлари интернет тизимига босқичма-босқич жойлаб борилмоқда. Бу яхши, чунки кутубхонадан тополмаган китобнинг электрон шаклини юклаб олиб, ундан бемалол фойдаланиш мумкин. Бироқ бу тўлиқ самара беряпти, деб айтолмаймиз. Статистик маълумотларга қараганда, ҳаттоки аҳолининг зиёли қатлами ҳам китобларнинг электрон шакли жойлаб борилаётган сайтларга камдан-кам ташриф буюришар экан. Бундан кўриниб турибдики, бизга китобнинг электрон нусхаси эмас, қўлимизга олсак, қалбларимиз энтикадиган босма шакли керак.

Шу маънода, газета ҳам биз излаган маънавий озиқ ўрнини босади. Фақат бир муаммо борки, босма нашрларда берилаётган мақолаларнинг сифатини ошириш, саҳифаларни ўқувчини ўзига жалб қиладиган ранг-баранг мақолалар билан тўлдириш лозим.

Яқинда журналист ва муаллимнинг суҳбатни ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, бундан йигирма йил аввал газетада фаолият кўрсатаётган журналист хизмат юзасидан сафарда бўлиб турганда, таниш муаллимини учратиб қолади. Aввалига уларнинг гурунги бир-бирларининг ёшлик хотираларидан бошланиб, кейин ҳаёт ташвишларига уланиб кетади. Муаллим гапира туриб, журналистга ҳазиломуз сўз қотади: “Талабалар ўқишни буткул йиғиштириб, газета ўқишдан нарига ўтишмаяпти. Шу нашрларингда ўқувчи диққатини тортмайдиган мақола чиқарсаларинг бўлмайдими?!

Бу – юмор. Бироқ қачонлардир газеталар қўлма-қўл ўқилган, саҳифаларда берилган репортажлар, таҳлилий мақолалар, очерк ва эсселар, шеърлар халқнинг дардига дармон бўлган. Бугун эса газетанинг ўша қиёфаси йўқолаётгандек.

Бугун жамиятимизга матбуот ҳар қачонгидан кўра зарурлигини Президентимиз бот-бот таъкидламоқда. Демак, халқни маънавиятли, маърифатли қилишда газеталарнинг ўрни беқиёс.

Газетани инсон ўз қўли билан кашф этди, энди эса ўз қўли билан йўқ қилишига йўл қўймаслигимиз, уни асраб-авайлаш ва ривожланиши учун қулай шароитларни яратиш лозим. Бу борада биз – ёшларнинг ҳам ҳиссамиз бўлишини унутмаслигимиз керак. Қоғоз бор, фикр мавжуд экан, газеталар яшайверади.

 

Улуғбек ШAРОБИДДИНОВ