Мажмуа бунёдкорлигига "Ўзтрансгаз" акционерлик жамияти томонидан 3 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлиб, чўлқуварлар оилаларини спортга ҳамнафас яшашлари, жисмонан бақувват бўлиши учун зўр имконият яратилди.

Замон талабига жавоб берадиган спорт мажмуасида волейбол, баскетбол, бокс, гимнастика ва миллий кураш заллари, стол тенниси, сунъий қопламали мини футбол майдони, велосипедда юриш ва ва югуриш йўлаклари ҳозирланган ва рисоладагидек жиҳозланган. Эътиборлиси, бунда ишга туширилаётган секциялар бир куннинг ўзида юздан ортиқ спортсевар йигит-қизни қамраб олиши, улар учун эса йигирмадан ортиқ мураббий машғулотларда банд бўлиши мумкин.

Ўзига хос дизайнга эга спорт комплекси “узукка қўйилган кўз” мисоли шаҳарча қиёфасига кўрк бағишламоқда. Мазкур спорт мажмуасининг тантанали очилиш маросимида "Ўзтрансгаз" АЖ раиси Улуғбек Саидов, Ромитан туман ҳокими Хуршид Тохиров, шунингдек, "Бухорогазсаноатқурилиш'' акциядорлик жамияти раҳбари Собир Жўраев, "Газли магистрал газ қувурлари" бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров, Газли шаҳарчаси ҳокими Шерали Пўлотовлар, қолаверса, маҳаллий аҳоли ва спортсевар ёшлар иштирок этди. деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тантанада сўзга чиққанлар бу муҳташам иншооот муштарак орзу-истакларимизни рўёбга чиқарадиган спортчи ёшлар билан гавжум бўлишини, бу ердан Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб, юртимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўратишга қодир истеъдод эгалари етишиб чиқишини ният қилдилар.