Гельминтозлар инсон организмига паразит чувалчанглар (гижжалар) кириши натижасида юзага келади. Чувалчанглар ўзи яшаб турган вужуддаги озуқалар ҳисобига кун кўради. Масалан, улар дармондорилар, оқсиллар, углеводлар ва микроэлементларни ютади, айримлари эса қон сўради.

Бугунги кунда бундай зараркунандаларнинг 250 га яқин тури аниқланган бўлиб, шулардан 9 хили болаларда учрайди. Болаларнинг мева-сабзавотларни ювмасдан ейиши, ўйинчоқлар, ўқув қуролларини оғзига солиши натижасида гижжа пайдо бўлади. Агар касаллик кузатилса боланинг қорни оғрийди, асабийлашади, жиззаки бўлиб қолади, уйқусида тишларини ғичирлатади. Орқа чиқарув аъзоси қичишади, бола уни қашийвериши натижасида тошма ҳосил бўлади, тери юзаси йиринглаши мумкин. Паразит нажас чиқиш йўлларига 5 мингдан 150 мингтагача тухум қўяди. Улар тез ривожланади ва ичак орқали бутун танага тарқалади.

Болаларга гельминтозлар асосан ювилмаган мева-сабзавотлар, кўкатлар, болалар туваклари ва уй ҳайвонлари орқали юқади.

Аҳоли, айниқса ёш болалар ўртасида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича тадбирларнинг кучайтирилиши гельминтоз касалликлари билан зарарланиш ҳолатларининг минималлаштирилиши ва касалликнинг бартараф этилишига олиб келади, деб хабар беради Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими.